Биринчи миллий йўлдошли телеканал – Qazaq TV 18 ёшда

«Хабар» телеоиласининг шинавандалари кўп. Агентлик тўртта телеканал  - «Хабар», «Хабар 24», «Qazaq TV» ва «Ел Арна»ни бирлаштирган бўлиб, нафақат қозоғистонликлар, балки бошқа мамлакатлар томошабинлари орасида ҳам мухлислари кўп. Қизиқарли ва маълумотларга бой телемаҳсулотлар кўпсонли этник қозоқлар истиқомат қиладиган Европада айниқса оммалашган. Исмаил Кесижи - шулардан бири. Юртдошимиз 30 йил муқаддам Лондонга кўчиб борган, оиласи аввал Туркияда, кейин Буюк Британияда яшаган. Шунга қарамай, Исмаил ватанида юз бераётган воқеаларга ҳамиша қизиққан. 12 ёшида ўзи мустақил кирилл алифбосидаги қозоқ ёзувини ўрганган, долзарб воқеалардан мунтазам хабардор бўлиш учун эса ҳар куни Qazaq TV янгиликларини томоша қилади.

ИСМАИЛ КЕСИЖИ, ЛОНДОН ШАҲРИДАН:

- Мен ҳам, Европа ва бошқа мамлакатлардаги кўплаб қозоқлар ҳам миллий анъаналар, байрамлар, маданиятни кузатиб боришни истаймиз. Сифатли қозоқ кинофильм ва дастурларини томоша қилганимизда, кўп нарсани билиб оламиз, ўрганамиз.

Исмаилнинг айтишича, Европадаги ёш қозоқлар аста-секин она тилини унута бошлаяпти. Умуман билмайдиганлари ҳам анчагина. Бу эса вақти келиб миллий ўзликни унутишга олиб келади. Бугунги даврда хорижга ахборот узатаётган Қозоғистон телеканалари бу хавфни бартараф қила олади.

ИСМАИЛ КЕСИЖИ, ЛОНДОН ШАҲРИДАН:

- Она тилимиз она ватандан тарқалади. Фақат шу заминда унга тўлақонли сингиб кетиш мумкин. Хорижда яшар эканмиз, уни фақат оммавий ахборот воситалари орқали оламиз. Мен телеканал мухлисларидан бириман. Аввал уни Caspionet деб аташарди, ҳозир эса Qazaq TV бўлган. У томошабинларга Қозоғистон анъаналари ва маданиятини тақдим этмоқда.

Исмаилнинг рафиқаси – Шўлпан Уральск шаҳридан. Биргаликда икки фарзандни тарбиялашяпти. Ёш ота-она уларга қозоқ маданияти, она тили ва анъаналарига муҳаббатни болаликдан сингдиришга интилади. Бутун оила баҳамжиҳат 5 тилда ахборот тарқатувчи Qazaq TV телеканалининг қизиқарли кўрсатувлари ва дастурларини томоша қилади.

ШЎЛПАН КЕСИЖИ, ЛОНДОН ШАҲРИДАН:

- Пазандалик дастурларини хуш кўраман, улар орқали миллий таомлар билан яқиндан танишиш мумкин. Меҳмонлар, дўстларни албатта қозоқ миллий таомлари билан сийлаймиз. Ижодда омад тилаймиз.  Казах-ТВ, ҳамиша хориждаги томошабинларингизни қизиқарли дастурлар билан қувонтираверинг!


×