Петициялар бериш тартиби қонуний шаклда расмийлаштирилади

Қозоғистонда петиция бериш тартиби қонуний шаклда расмийлаштирилади. Шу кунларда «петиция» тушунчасини изоҳловчи меъёрий-ҳуқуқий асос яратилмоқда,  шунингдек, петиция бериш ва кўриб чиқиш тартиби аниқ белгилаб қўйилди. Натижада, қозоғистонликлар турли соҳаларга оид таклифлар киритиш имкониятига эга бўлади. Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазири Аида Балаева Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда шу ҳақда маълум қилди. Ҳозир вазирликда «Ахборотдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича иш олиб бориляпти. Ўзгаришларда назорат ва жавобгарликни ошириш, айрим меъёрлардан фойдаланиш соҳасини кенгайтириш мўлжалланяпти.

АИДА БАЛАЕВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АХБОРОТ ВА ИЖТИМОИЙ ТАРАҚҚИЁТ ВАЗИРИ:

- Биз шу кунларда ахборот олиш масаласида қонунчилик базасини такомиллаштириш устида ишлаяпмиз. Аввалроқ Мажлисда айтганим каби, қатор ўзгаришлар мавжуд, унга кўра ахборот олиш масаласи билан шуғулланувчи ваколатли орган белгиланиши зарур. Бу биринчидан. Агарда ўзгаришлар қабул қилинса ва кучга кирса, Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги бу ишни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш билан шуғулланади. Иккинчидан, ҳар бир давлат органида мавжуд штатлар доирасида бу масала учун масъул ваколатли бўлим ёки ваколатли шахс ишлайди.

Бундан ташқари, ахборот ташувчилар қаторига тадбиркорлик субъектлари, уларнинг бирлашмалари, давлат вазифаларини бажараётган ўз-ўзини бошқарувчи ва нодавлат ташкилотлар ҳам киритилиши режалаштирилган. Вазир айтишича, тайёрланган ўзгаришлар Парламент Мажлисида кўрилаётган қонун лойиҳасига киритилган. Йил охиригача улар имзо қўйиш учун Президентга олиб кирилади.

 

Фото: ainews.kz


×