Қозоғистон Президенти Семейда Абайга қўйилган ёдгорликни очди

Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Семейда «Буюк шоир Абай ва унинг фарзандлари» ёдгорлигини очишда қатнашди. Унда шоир ўғиллари Ақилбай ва Тўрағул билан тасвирланган. Муаллиф улар орқали халқнинг чексиз меҳри ва эътирофини кўрсатишга интилган. Давлат раҳбари тадбир иштирокчиларини Абайнинг 175 йиллиги билан қутлади ҳамда шоир хотирасини эъзозлаш умумий бурчимиз эканлигини таъкидлади.

ҚОСИМ-ЖЎМАРТ ТЎҚАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ:

- Мазкур ёдгорлик ёшларга илҳом бахш этиши зарур. Абай ва унинг доно фарзандлари, ота ишини ва таълимотини давом эттирган  Ақилбай ҳамда Тўрағул барча учун намуна бўлишга арзигулик шахслар. Ёдгорлик авлодлар бардавомлиги, оталар ва болалар ўртасидаги ўзаро ҳурматни мадҳ этади. Тарбия – миллат сифатини белгиловчи энг муҳим факторлар қаторида туриши шарт!

Давлат раҳбари очилиш маросимидан сўнг Абайнинг «Жидебай-Бўрили» давлат тарихий-маданий ва адабий-мемориал қўриқхона-музейига ташриф буюрди. Президент янги экспозициялар билан танишди. Юбилей йили доирасида вилоятда қатор бошқа лойиҳалар ҳам рўёбга чиқарилган. Семей аэропорти қозоқ шоири номини олди. Бундан ташқари, Семей ва Жидебай музейлари реконструкция қилинди, мақбара атрофидаги ҳудуд ободонлаштирилди.

 

Фото: almaty.tv


×