Қозоғистонда карантин чекловлари кучайтирилмоқда

Шимолий Қозоғистондаги кичик шаҳарлардан бири – Булаевода қатъий карантин жорий этилди. Раҳбарият коронавирус тарқалишидан хавотир олмоқда, чунки шаҳар жойлашган Россия чегарасидаги Мағжан Жумабаев туманида 24 одам хавфли вирус юқтирган. Шулардан 15 нафари туман марказида яшайди.

Туманда авж олиши мумкин бўлган инфекция олдини олиш учун шаҳарча атрофига 4 та блокпост қўйилди ва йўловчилар ҳаракати тўхтатилди. Аҳолига меҳмонга бормаслик тавсия қилинди, вояга етмаганлар кечки соат 7 дан кейин ота-онаси кузатувисиз кўчага чиқиши тақиқланди. Кекса ёшдагиларга, худди ўтган карантин даврида бўлгани каби, имкон қадар мулоқот қилмаслик тавсия этилди. Бундан ташқари, тумандаги 500 квадрат метрдан зиёд  майдонга эга бизнес-объектлари иш куни соат 9 дан 16 гача қисқартирилди.

Йирик шаҳарларда ҳам санитария-эпидемиология тадбирлари кучайтирилди. Чимкент шаҳрида карантин 26 октябргача узайтирилди. Нур-Султон ва Алмати шаҳарларида ҳам коронавируснинг иккинчи тўлқинига тайёргарлик кўрилмоқда.

 

Фото: inform.kz


×