Интернетда товламачилар фаоллашмоқда

Киберхавфсизлик бўйича экспертлар огоҳлантиради: Қозоғистонда ўзини банк вакиллари сифатида таништираётган товламачилар сони ортиб бормоқда. Улар масофадан иш юритади: электрон почта, ижтимоий тармоқлар, мессенджер ва телефонларга хабар ёзади. Аҳоли фикрини ўрганиш шуни кўрсатдики: аҳолининг учдан бир қисми – 31 фоизи молиявий ташкилотлар номидан мурожаат этган товламачиларга дуч келган. Улар кўпроқ телефон орқали мурожаат этади ёки хабар жўнатади. Қўнғироқларнинг кўп қисми айнан иш куни ва иш вақтида қилинади. Жиноятчилар олдиндан маълумот тўплайди, ижтимоий муҳандислик усулларидан фойдаланади. Уларнинг мақсади – банк картаси соҳибларининг пулини олиш.

ЕВГЕНИЙ ПИТОЛИН, ВИРУСГА ҚАРШИ ДАСТУРЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИ КОМПАНИЯ БОШҚАРУВЧИ ДИРЕКТОРИ:

– Ўртача олганда, қозоғистонликлардан ҳар бири шу каби товламачиларга 12 минг тенгедан берган. Товламачилар қармоғига илинмаслик учун нима қилиш керак? Эҳтиёт чоралари оддий: биринчидан, сизга нотаниш одам қўнғироқ қилса, унинг таклифларини диққат билан тингланг, таклиф ҳаққонийлигига эътибор беринг, қандайдир шубҳали ишларга аралашиб қолишдан эҳтиёт бўлинг. Иккинчидан, киберсаводхонликни ошириб боринг, товламачилар тўғрисида ёзилган мақолаларни ўқинг, пул топишнинг турли осон йўлларига учманг. Телефонингизга рақамларни аниқлаб берадиган ва товламачиларни кузатиб борувчи дастурларни ўрнатсангиз – айни муддао бўлади.

 

Фото: yakutia-daily.ru


×