Туризм соҳаси 2025 йилгача қандай ривожланади?

Туризм соҳаси 2025 йилгача қандай ривожланади?

Мамлакатда тахминан ярим миллион одам туризм соҳасида ишлаяпти. Келгуси беш йил ичида эса улар сони бир ярим марта ортиши кутиляпти. Мамлакатимизда туризм соҳаси учун инвестициялар ҳам тобора ортиб бормоқда. Ўтган йилнинг ўзида бу соҳага 469,5 миллиард тенге сармоя киритилди, бу эса режаланганидан бир ярим марта ортиқ. Сўнгги 10 йил ичида соҳага киритилаётган капитал ҳажми 3,5 марта ортди.

«Хусусий инвестициялар жалб этиш ҳамда туристик манзилларга  етиб боришни осонлаштириш учун муҳандислик инфратузилмалари олиб келиш фаоллаштирилмоқда. Ҳукумат вилоят ҳокимлари билан биргаликда республика бюджетидан жами 51 миллиард тенге қийматга эга  45 лойиҳани молиялаштиришга муваффақ бўлди», дейди Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги туризм саноати қўмитаси раҳбари  Дастан Риспеков.

Экспертнинг айтишича, ўтган йили мамлакатимизга 8,5 миллион нафар чет эл фуқароси келган, бу эса кутилганидан 9 фоиз ортиқ. Бунга аввало электрон визалар жорий этиш ҳамда визасиз кириш-чиқишга рухсат берилган мамлакатлар сонини кенгайтириш орқали эришилди. Ички туризмга келсак, унинг кўрсаткичлари салкам 40 фоизга ошди ва 6,6 миллион кишини ташкил қилди.

«2019 йил якунларига кўра ижобий ўзгаришлар турли жаҳон рейтингларида ҳам кузатилди. Жаҳон Иқтисодий форуми турист инфратузилмалар ривожланиши рейтингида Қозоғистон 97- ўриндан 90-ўринга чиқди. Маркетинг ва брэндинг самарадорлиги жиҳатидан ҳам 3 поғона юқорига кўтарилди. Backpacker Society Британия жамияти келгуси 10 йил ичида саёҳат қилиш мақбул бўлган энг истиқболли йўналишлар ўнлигидан Қозоғистонга тўртинчи ўринни берди. БМТ қошидаги Жаҳон туристик ташкилоти Қозоғистонни туризм саноати энг жадал ривожланаётган мамлакатлар илғор 20-лигига киритди», дейди нотиқ.

Умуман олганда, минтақавий лойиҳа офислари таклифларини ҳам ҳисобга олганда, 2025 йилгача туризм соҳасида 150 дан ортиқ инвестициявий лойиҳалар рўёбга чиқарилиши режалаштирилган.  Уларнинг умумий қиймати 1,7 триллион тенгени ташкил қилади.  Мамлакатда 5 йил давомида туризм соҳасида яна 170 минг иш ўрини очилади ва бюджетга қўшимча 135 миллиард тенгедан зиёд маблағ тушиши режалаштирилган.

 

Фото: inbusiness.kz


×