Сайрам-Угам миллий паркида бир қанча туризм йўналишлари ривожлантирилади

Сайрам-Угам миллий паркида бир қанча туризм йўналишлари ривожлантирилади

Еттита табиат зонаси, бир ярим минг турдаги ўсимлик, кўп сонли ноёб ва «Қизил китоб»га киритилган жониворлар. Қор босган юксак тоғлар, серсув дарёлар, шаршаралар, муздай совуқ ва мусаффо сувли тоғ кўллари. Буларнинг ҳаммаси Сайрам-Угам давлат қўриқхнаси жойлашган Жанубий Қозоғистонда мавжуд. Бетакрор ландшафт ҳар йили жаҳоннинг турли мамлакатларидан минглаб туристларни ўзига жалб этади.

«Ҳар йили туристлар билан бирга ишлаймиз. Қўриқхона ҳудудида 12 та пост, олти кўл ва 11 та туристик йўналиш бор. Туризм бўлимида 6 нафар ходим ишлайди, заруратга кўра, хорижий тилларни биладиган мутахассисларни жалб этамиз. Аммо кўпинча туристлар ўз таржимонлари билан бирга келади. Жорий йилда пандемия туфайли туристлар кам бўлди. Одатда бизга Қозоғистоннинг турли минтақалари, Германия, Франция, Россия каби давлатлардан саёҳатчилар ташриф буюради», дейди экскурсовод Ахат Тастанбеков.

Миллий парк ҳудуди уч қисмга бўлинган. Меҳмонлар учун чиройли ёғоч уйчалар қурилган. Ошхона, бассейнлар, спорт майдончалари ва ҳаммомлар ишлаб турибди. Қўриқхона қисмига кириш чекланган. Унда фақат махсус туристик сўқмоқлар орқали ҳаракатланиш мумкин.

Қўриқхона ҳудуди тарихий қийматга эга. Бу ерда қоятош расмлари  -  петроглифлар, қадимий ибодатхоналар, турли тарихий даврларга оид қўрғон ва мозорлар топилган. Уларнинг барчаси археологлар томонидан чуқур ўрганилиши лозим.

 

Фото: visitkazakhstan.kz


×