Қозоғистонда жорий йилда давлат хизматчилари 10 фоизга, келгуси йилда 15 фоизга қисқартирилади

Қозоғистонда жорий йилда давлат хизматчилари 10 фоизга, келгуси йилда 15 фоизга қисқартирилади

Марказий Коммуникациялар хизматида ташкил қилинган брифингда Давлат хизматлари бўйича агентлик раиси Анар Жаилғанова давлат девони ходимларини қисқартириш масаласи қандай амалга оширилиши хусусида тушунча берди. Унинг айтишича, икки йил мобайнида, Президент топшириғига мувофиқ, давлат хизматчилари сони тўртдан бир қисмга камаяди.

Агентлик тарқатган маълумотга кўра, бугунги кунда 97 минг нафар давлат хизматчиси бор. Бу эса иқтисодий фаол аҳолининг 1,1 фоизини ташкил қилади. Кўплаб ривожланган мамлакатларда ҳам шунга яқин кўрсаткич кўзга ташланади. Штатлар қисқариши туфайли қолган ходимларга юклама ортиб кетишининг олдини олиш мақсадида қатор тадбирлар кўрилади.

«Биринчи навбатда доимо вакант бўлиб қолаётган лавозимларни қисқартириш кўзда тутилади. Шу кунларда салкам  8 минг ўрин, яъни мавжуд иш ўринларининг 8,5 фоизи бўш. Бундан ташқари, ҳар йили ходимлар нафақага чиқиши ҳисобига 1 минг атрофида ўрин бўшайди. Ўртача 6 минг давлат хизматчиси хусусий сектор ва бошқа ташкилотларга ишга ўтади. Бу эса амалда давлат хизматчиларини ишдан бўшатишга деярли зарурат бўлмаслигини кўрсатмоқда. Биринчи навбатда, бу иш такомиллаштирилади», дейди Анар Жаилғанова.

Такомиллаштириш натижасида ортиқча раҳбарлар ўрни қисқаради, вазифаларни такрорлаш ҳолларига барҳам берилади. Устувор бўлмаган йўналишлар рақобат ҳудудига йўлланади, бизнес-жараёнлар имкон қадар автоматлашади.

«Шу билан бирга, қисқартириладиган хизматчиларни иш билан таъминлаш масаласини таъминлаш зарур. Меҳнат кодексига кўра, ҳомиладор аёллар; 3 ёшгача бўлган фарзандлари бор аёллар; ёлғиз аёллар; болаларни онасиз тарбиялаётган шахслар; шунингдек, пенсияга чиқишига 2 йилдан кам вақт қолганларни қисқартириш мумкин эмас. Шунингдек, Давлат хизмати тўғрисида Қонунга мувофиқ, давлат хизматида камида 3 йил меҳнат қилган шахсларга 4 ойлик маош миқдорида нафақа тўланиши зарур», дейди Давлат хизматлари бўйича агентлик раҳбари.

Фото: zakon.kz