Қозоғистонлик олимлар Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини тадқиқ ва таҳлил этишга киришди

Қозоғистонлик олимлар Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини тадқиқ ва таҳлил этишга киришди

Марказий Осиё ўрта асрлар меъморчилигининг ноёб ёдгорлиги бўлган Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини аслидаги каби сақлаш – жуда муҳим. Шу боис бугунги кунда бино пойдеворидан тортиб, гумбазигача мажмуавий тадқиқот ишлари олиб бориляпти. Қозоғистон Қурилиш ва маъморчилик илмий-тадқиқот институти  олимлари ва тадқиқотчилардан иборат гуруҳ бу ишларга камарбаста бўлган.

Олимлар мақбарада ишлатилган қурилиш материаллари нақадар мустаҳкам ва ташқи, ички таъсирларга чидамли эканлигини ўрганади. Бундан ташқари, улкан ғишт гумбазнинг ҳолати кўздан кечирилади. Тадқиқот натижаларига кўра, реставрация қилинишга муҳтож қисмлар аниқланади.

«Дастлабки маълумотларга кўра, бино пойдевори яхши ҳолатда сақланган. Девор ва бинонинг баъзи қисмлари реставрацияси яхши натижа берди. Сейсмик ва бошқа фавқулодда ҳолатларга бардошлилик даражасини махсус ускуналар ёрдамида аниқлаймиз. Алматидан келган олимлар билан кенгашгач, якуний хулосалар эълон қилинади», дейди Қозоғистон Қурилиш ва маъморчилик илмий-тадқиқот институти  вакили Сиримбек Ержанов.

Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси баландлиги 37,5 метр, узунлиги 65 метр ва кенглиги 46,5 метр бўлган гумбазли бино ҳисобланади. Ундаги арка  18 метрдан зиёд. Марказий зали атрофида 35 та турли вазифаларни бажарган хоналари бўлган. Таъкидлаш жоизки, тарихий ёдгорликни сақлаб қолиш учун турли тадбирлар кўрилмоқда. Масалан, ўтган йили ЮНЕСКО экспертлари ҳам  мақбара биноси мустаҳкамлигини текширганди.

Фото: e-history.kz