Қозоғистонда кинотеатрлар иш бошлади

Қозоғистонда кинотеатрлар иш бошлади

Бир неча ойлик танаффусдан сўнг Қозоғистонда кинотеатрлар, театрлар ва фуд-кортлар ишлашига ижозат берилди. Мамлакат бош санитария врачи ўз қарорида буни алоҳида кўрсатиб ўтди.

«Очиқ ҳаводаги кинотеатрлар, ниқоб тақиш ва ижтимоий масофаланиш шарти билан,  фаолият юритишига рухсат берилди. 50 фоиз ўрин тўлиши, аммо 50 нафардан зиёд одам тўпланмаслиги, ниқоб тақиш ва ижтимоий масофаланиш шарти билан театрлар иш бошлашига ижозат берилади», дейилади ҳужжатда.

Алматида дастлабки очиқ ҳаводаги автокинотеатр иш бошлади. Кино кўришни истаганлар ўз автомобиллари билан келиши шарт, фильмни  90 тагача машинада ўтириб томоша қилиш мумкин. Бу ерда эски ва замонавий комедия, мелодрама ва драмалар намойиш этилади.

«Менимча, карантин даврида очиқ осмон остидаги кинотеатрларга талаб катта бўлади. Ҳамма кинотеатрлар ёпилган, одамлар эса янги фильмларни томоша қилишни истайди. Ишимизга қизиқиш катта», деди автокинотеатр ижрочи директори Данияр Шамухажи.

Автокинотеатр кеч кузгача фаолиятини давом эттириш ниятида. Ва ҳатто декабрда бу ерда янги йил фильмлари томошасини ташкил  қилиш ҳақида бош қотирилмоқда.

«Ҳафтада бир марта обуначилар қайси кинолентани намойиш этилишини овоз бериш йўли билан танлайди. Ҳар бири эртароқ келишга ҳаракат қилади, чунки биринчи келганлар энг қулай жойларга машинасини қўяди», дейди Данияр Шамухажи.

Мамлакат бош театри - «Астана Опера» ҳам узоқ танаффусдан сўнг 18-19 сентябрь кунлари гала-концертга таклиф қилмоқда. Шу куни Ахмет Жубанов ва Латиф Ҳамидийнинг «Абай», Жоаккино Россинининг «Севильялик сартарош», Пётр Чайковскийнинг «Евгений Онегин» каби жаҳон операси дурдоналаридан парчалар қўйилади.

«Кеча кечқурун театрлар иш бошлашига рухсат берилди, санитария қоидаларига риоя этган ҳолда залга 50 нафар томошабинни таклиф этамиз. Ижтимоий масофаланишга риоя этилади. Бу ҳолат билетлар қимматлашишига олиб келмайди – карантингача бўлган нархларни сақлаб қоламиз. Шунингдек, онлайн спектаклларни давом эттирамиз»,  дейди «Астана Опера» театри директори ўринбосари Айжан Қурмангалиева.

Тартибга риоя этиш шарти билан савдо-кўнгилочар марказлардаги кафеларга ишлаш имконияти яратилди. Лекин караоке, компьютер ва тунги клублар,  боулинг-марказлар тақиқланганича қолмоқда. Дам олиш кунлари ва байрамларда савдо марказлари иши тўхтатиб қўйилади. 

 

Фото: kapital.kz