Нур-Султон шаҳрида волонтёрлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун кичик грантлар танлови бошланди

Нур-Султон шаҳрида волонтёрлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш  учун кичик грантлар танлови бошланди

Қозоғистон пойтахтида волонтёрлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кичик грантлар танлови бошланди. Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, ушбу танлов доирасида 22 ғолибга 300 минг тенгедан грант берилади.

«Танловда 14 ёшдан 29 ёшгача бўлган Нур-Султон шаҳридаги ташаббускор гуруҳлар ҳамда нодавлат ташкилотлар аъзолари қатнаша олади. Якка тартибда иштирок этган тақдирда, ариза берувчи камида 14 ёшда бўлиши лозим. Жамоа бўлиб мурожаат қилинган тақдирда раҳбар ва аъзолар ёши 14 дан 29 гача бўлиши зарур. Раҳбар ўз аризасида гуруҳ аъзоларини кўрсатиши шарт», дейилади баёнотда.

Лойиҳалар қуйидаги йўналишлар бўйича тайёрланиши зарур:

-экологик маърифат;

-ўқувчилар, талабалар ва ижтимоий гуруҳларга таълим бериш;

-Болалар уйларидаги ва Меҳрибонлик уйларидаги шахсларни, имконияти чекланганларни қўллаб-қувватлаш;

-маданий-тарихий меросни сақлаб қолиш ва ривожлантириш, тарихий ёдгорликлар, маданий-мемориал мажмуаларни қайта тиклаш ва сақлаб қолиш;

-ҳуқуқ ҳимояси:

-табиий ва техноген фавқулодда ҳолатлар олдини олиш;

-инновациявий лойиҳалар;

-илмий кашфиётлар;

-компьютер дастурлари;

-экспедиция ва экскурсиялар ташкил қилиш;

-ижтимоий-маданий ва спорт лойиҳалари;

-ижодий ва хайрия тадбирлари;

-карантин даврида амалга оширилаётган тиббий тадбирлар;

-тил ва адабиётга оид лойиҳалар;

-ёшлар фаоллигини оширишга йўналтирилган лойиҳалар.

Ҳокимликда таъкидлашларича, ташаббус шартнома тузилганидан сўнг икки ой мобайнида рўёбга чиқарилиши зарур.

Маблағ иш ҳақи, офис ижараси, бошқа маъмурий эҳтиёжларга сарфланмаслиги лозим. Фақат турли асбоб-ускуналар харид қилиш, ижарага олиш учун ишлатиш мумкин.

Танлов учун аризалар 25 сентябргача қабул қилинади. Ариза volonter_zhastar@bk.ru почтасига йўлланади. Грант соҳиблари 30 сентябргача аниқланади.

 

Фото: elorda.info