Чет элда яшайдиган қозоғистонликларга онлайн шаклда қозоқ тили ўргатилади

Чет элда яшайдиган қозоғистонликларга онлайн шаклда қозоқ тили ўргатилади

Дунёнинг 5 мамлакатида онлайн қозоқ тили дарслари ташкил этилади. Ўз ватанидан узоқда яшайдиган қозоқлар масофадан туриб курсларда қатнашиши мумкин. Ушбу янгилик Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазири ўринбосари Марат Азилхановнинг «Ватандошлар» жамғармаси раҳбарияти билан бўлган учрашувида эълон қилинди. Вазирлик телеграм-каналида айтилишига кўра, иштирокчилар дунёнинг 5 та давлатида маданий ва тадбиркорлик уйлри, қозоқ тилини ўргатиш бўйича онлайн-синфлар очишга доир лойиҳаларни муҳокама қилишди. Россия, Туркия, Германия, Қирғизистон ва Ўзбекистонда истиқомат қилувчи қозоқлар ўз она тилида равон гапиришни амалда машқ қила олади.

Шунингдек, учрашувда жамғарма вице-президенти Мағауия Сарбасов ушбу ташкилот иш фаолияти ҳақида гапириб берди ва келажак режалари билан ўртоқлашди. Хусусан, хорижий давлатлардаги қозоқларнинг жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумларни имзолаш ҳақида ҳам сўз юритилди. Дарвоқе, 25 та давлатда шундай келишувлар аллақачон йўлга қўйилган. 800 дан ортиқ юртдошимиз 22 та онлайн-синфга қамраб олинган.    

Марат Азилханов, ўз навбатида, хорижий мамлакатларда қозоқ тилини ўрганиш учун онлайн дарсларни кўпайтириш бўйича ишларни давом эттириш кераклигини ҳам таъкидлаб ўтди.