Қозоғистон Конституциясининг 25 йиллиги доирасида қандай тадбирлар бўлиб ўтади?

Қозоғистон Конституциясининг 25 йиллиги доирасида қандай тадбирлар бўлиб ўтади?

Жорий йилнинг 30 август куни мамлакатимиз асосий қонунининг 25 йиллигини нишонлайди. Қозоғистон Конституциявий кенгаши девони раҳбари ва аъзоси Бахит Нурмуқанов ҳамда Унзила Шапак  ўтган жума куни Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда,  давлат байрами доирасида бўлиб ўтадиган тадбирлар ва жамиятни модернизация қилишда Конституциянинг роли ҳақида айтиб ўтди.

Спикерлар сўзига кўра, 24-30 август кунлари мамлакатда республика бош қомусига бағишланган ўнлаб байрам тадбирлари ташкил этилади, улар онлайн тартибда ўтказилади.

Пойтахтда асосий тадбир сифатида қонун устуворлиги, инсоний қадриятлар ва давлат самарадорлиги мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади. Форумда халқаро ташкилотлар вакиллари,  давлат идоралари раҳбарлари, шунингдек, таниқли қозоғистонлик ва хорижлик олимлар иштирок этиши кутилмоқда.

«Муҳокама мавзуси катта қизиқиш уйғотмоқда. Замонавий, шу жумладан, коронавирус пандемияси билан боғлиқ муаммолар, халқаро ва миллий қонунчилик базаси инқирозли вазиятларга қанчалик тайёрлиги, жамоат, давлат ва хусусий манфаатларнинг оқилона мувозанатини таъминлаш каби масалалар тилга олинган. Шу муносабат билан турли мамлакатлар ҳуқуқшунослари,  суд органлари вакиллари тараққиётнинг долзарб масалаларини муҳокама қилади»,  дея таъкидлади Нурмуханов.

Бундан ташқари, байрам тадбирлари доирасида Конституциявий кенгаш «Асосий қонун ҳафталиги» лойиҳасини бошлайди.

«Лойиҳадан мақсад «Маънавий янгиланиш» миллий дастури доирасида Конституциянинг жамият ва давлатни модернизация қилишдаги ролини чуқур англаш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш. Асосий ҳамкорлар – Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги, вилоят ҳокимликлари, Нур-Султон, Алмати, Чимкент шаҳарлари, «Атамекен» миллий тадбиркорлар палатаси ва бошқа ташкилотлар. Ушбу лойиҳа доирасида бутун мамлакат бўйлаб онлайн-конференциялар, давра суҳбатлари, бепул ҳуқуқий маслаҳатлар, веб-семинарлар, оммавий ахборот воситалари кўргазмалари, хайрия тадбирлари, янги объектларни фойдаланишга топшириш, хонадонлар калитларини, шахсий гувоҳномаларни топшириш ва  бошқа тадбирлар ташкил этилади. Мамлакатдаги эпидемиологик вазият туфайли уларнинг барчаси онлайн тарзда ўтказилади», дея қўшимча қилди спикер.

Дарвоқе, байрам тадбирлар дастурида мактаб ўқувчилари ва ҳуқуқшунослик факультети талабалари учун онлайн танловлар, шунингдек, асосий қонун юбилейи муносабати билан нашр этилган китоблар тақдимоти ҳам ўрин олган. 100 ва 200 тенге қийматидаги миллий валюта, байрам почта маркалари ва банкноталар чиқарилиши режалаштирилган.  

 

Фото: sputniknews.kz