Нур-Султон шаҳрида «ал-Форобий дунёси» таълим-тарбия маркази очилди

Нур-Султон шаҳрида «ал-Форобий дунёси» таълим-тарбия маркази очилди

Қозоғистон пойтахтида «Ал-Форобий дунёси» таълим-тарбия маркази иш бошлади. Пойтахт ҳокимлиги сайти тарқатган маълумотга кўра, марказ Ўқувчилар саройидан жой олган.

«Марказ ташкил этилиши буюк мутафаккир, ўрта асрлар алломаси ва файласуфи, жаҳон фани ва цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшган Абу Наср ал-Форобий шахсига бўлган эҳтиромни кўрсатади», дейилади тарқатилган хабарда.

Янги марказда «Ал-Форобий ва фан», «Ал-Форобий ва юнон мутафаккирлари», «Ал-Форобий ва санъат», «Ал-Форобий ва тарбия», «Ал-Форобий ва шеърият», шунингдек, «Ал-Форобий ва нотиқлик санъати» каби бўлимлар мавжуд. Шунингдек, бу ерга олим бюсти ўрнатилган.

«Тегишли йўналишлар бўйича ўқувчилар олимнинг тиббиёт, астрономия, математика, геометрия, мантиқ, фалсафа, шунингдек, фан ҳақидаги билимларини тўплайдилар. Келгусида биз ал-Форобий ҳақида ҳикоя қилувчи билимларни орттиришга қаратилган ҳужжатли фильмлар яратишни режалаштирганмиз», дея таъкидлади ал-Форобий номли Ўқувчилар саройи директори Ербўл Иргебай.

«Иккинчи муаллим» фалсафа, мантиқ, метафизика ва табиий фанлар ривожланишига катта ҳисса қўшган. Марказ буюк олимнинг 1150 йиллиги шарафига очилди.

 

Фото: astana.gov.kz