Юз минглаб янги иш ўринлари очилади – Қозоғистон ҳукумати бандлик масаласи билан машғул

Юз минглаб янги иш ўринлари очилади – Қозоғистон ҳукумати бандлик масаласи билан машғул

Бандлик йўл харитаси, «Енбек»  ва бошқа соҳа дастурлари доирасида ярим миллион нафар ватандошимиз учун янги иш ўринлари очилади. Бугунги Ҳукумат йиғилишида шундай маълумот билдирилди. Эслатамиз, жорий йилда давлат ёрдамида ишга жойлашганлар умумий сони 743 минг кишига етди, 2020 йил охиригача эса бу рақам 1 миллион 220 мингга етиши режалаштирилган. Вазирлар маҳкамаси раҳбари Асқар Мамин тегишли идораларга Электрон меҳнат биржаси  бизнес-жараёнларини такомиллаштириш, аҳоли бандлиги юзасидан олдиндан ҳаракат қилиш ва бу соҳада кўрилаётган чора-тадбирларни мунтазам кузатиб боришни топширди. Вилоят ҳокимлари эса ҳар бир ишсиз тўғрисида ҳужжат тайёрлаши, улардан ҳар бири билан ишсизлик муаммосини ҳал этиш бўйича ишлашлари лозим.

«Режалаштирилган бандлик индикаторларига эришишимиз ҳамда доимий иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор беришимиз зарур. Миллий иқтисодиёт, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари «Атамекен» Тадбиркорлар миллий палатаси  ҳамда ҳокимликларга  биргаликда бизнес-ташаббусларни фаоллаштириш бўйича топшириқ берилди»,  деб кўрсатиб ўтди Асқар Мамин.

Шуни ҳам айтиш керакки, жорий йилда Бандлик йўл харитаси доирасида инфратузилма лойиҳалари такомиллаштирилди. Асосий эътибор бугунги кунда доимий иш ўринлари барпо этиш ҳамда минтақалар ижтимоий инфратузилмаларини яхшилашга қаратилган. Рўёбга чиқарилаётган 6702 лойиҳа 100 минг нафардан зиёд қозоғистонлик ишга кириши учун имконият яратиб беради. Жорий йилда Чимкент шаҳри, Жамбил, Шимолий Қооғистон ва Шарқий Қозоғистон вилоятлари пешқадамлик қилмоқда. Ҳукумат раҳбарининг айтишича, айнан мазкур ҳудудларда бандликни таъминлашга қаратилган самарали ишлар амалга ошириляпти. Қарағанди, Ақмўла, Туркистон, Ақтўбе, Қўстанай, Манғистау, Алмати, Павлодар, Атирау вилоятлари ва  Нур-Султон ҳамда Алмати шаҳарларида кўрсаткичлар ўртача.

 

: platon.asia