«Сарайшиқ» қадимий шаҳри – туристлар масканига айланади

«Сарайшиқ» қадимий шаҳри – туристлар масканига айланади

Яқин келажакда Атирау шаҳридаги «Сарайшиқ» музей мажмуаси кўпчилик ташриф буюрадиган тарихий жойга айланади. Қадимий шаҳарчада сайёҳларни қабул қилиш учун барча шароитлар яратилади. Бунинг учун асосий объектлар қуриш режалаштирилмоқда. «Сарайшиқ» давлат музей-қўриқхонаси директорининг ўринбосари Айбек Турар ўғли маълум қилди.   

«Ўтган йили олиб борилган қазиш ишлари пайтида топилган қалъанинг шимолий дарвозасини тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Реконструкция ишлари август охиригача давом этади», деб таъкидлади Айбек Турар ўғли.

Лойиҳага кўра, ташриф буюрувчиларни қабул қилиш учун йирик «Сапар» сайёҳлик маркази қурилиши режалаштирилган. Зарур ҳужжатлар тайёрланган ва давлат экспертизасидан ўтказилмоқда.

Мутахассислар «Сарайшиқ» давлат тарихий-маданий музей-қўриқхонаси  сайёҳлар эътирофини қозонишига ишонч билдирмоқда. Музейда турли хил тарихий даврларга тегишли тўрт мингдан ортиқ экспонат мавжуд. Улар орасида энг қадимийси - VII асрга оид тегирмон. Яна бир ноёб экспонат - лотин ёзувида битилган Абай китоби.

Шу билан бирга музей жамғармаси мунтазам тўлдирилиб борилмоқда.  Сўнгги кунларда ҳадя сифатида 150 та қадимий буюм топширилган. Уларнинг энг катта партияси – сарматлар даврига оид 100 га яқин буюм шу қишлоқда яшовчи Рауан Сабиров томонидан тақдим этилган.  Улар қаторида ўқлар, кулолчилик буюмлари, безаклар бор. Энг қимматлиси - гулли безаклари бор кўза. Олимлар уни XVI-XVII  асрлар билан боғламоқда. Ушбу буюмлар Сарайшиқ кўп асрлар давомида йирик сиёсат, савдо ва маданият маркази бўлиб келганлигининг далилидир.

 

Фото: anatili.kazgazeta.kz