Абайнинг невараси: Буюк мутафаккир авлоди бўлиш – фахр ва масъулият

Абайнинг невараси: Буюк мутафаккир авлоди бўлиш – фахр ва масъулият

Абай авлодлари ҳозир қаерда яшайди? Уларнинг тақдири қандай кечди? Улар буюк бобосининг иқтидорини мерос олдиларми? Мухбиримиз буюк мутафаккирнинг авлодидан бўлган Лайла Баймағамбетова билан суҳбатлашди. У Абайнинг биринчи рафиқаси Дилдадан туғилган ўғли Ақилбайнинг чевараси.

«Онам Кауаш Алимқуловна Ақилбайнинг невараси, Абайнинг эвараси. Ҳаёти давомида у Семейдаги музей ходимлари билан ҳамкорлик қилган. Билганларини уларга айтиб берган, абайшунослар билан мулоқитда бўлган. Онам Абайнинг рафиқалари ва болаларини кўрган», деб ҳикоя қилади Лайла Мухлесовна.

Унинг айтишича, Абайнинг  қизлари, ўғиллари ва неваралари уруш йиллари вафот этган. Буюк шоир ишини давом эттирадиган бирортаси қолмаганидан афсусланади. Аммо ҳаётини тадқиқотларга бахшида этган Лайла Мухлесовна буюк инсонга муносиб авлод бўлишга интилган.

«Оилмизда илмга ихлос катта эди. Отам ҳам олий маълумот олган. Кўп йиллар давлат хизматида бўлган. Барчамизни илм олишга рағбатлантирган. Уасила Мағауя қизи хотираларида аждодимиз Абайни тилга олган экан. Бобомиз фақат ўғиллари эмас, қизлари ҳам таълим олишини, тилларни билишини, эркин фикрлашини истаган. Авлодлари илм ва фанга яқин бўлишини орзу қилган. Шунинг учун ҳам ота-онамиз билимдон бўлишимизга интилган», деди шоир авлоди вакили.

Лайла Мухлесовна онаси изидан бориб, 15 йил Семейдаги Абай номли музейда меҳнат қилди. Фаолияти давомида Бауржан Мўмиш ўғли, Фариза Ўнғарсинова ва бошқалар билан шахсан кўришган, дуосини олган. Абай авлоди бўлиш ҳам фахр, ҳам масъулият, дейди у.

«Миллий давлат кутубхонасида доим турли тадбирларга таклиф қилишади. Ёзувчилар, талаба ва ўқувчилар билан учрашганман. Турли мавзулардаги давра суҳбатларида қатнашганман. Бундан ташқари Миллий  музейда, «Зерде» мактабида бўлганман. Яқинда унда Абай маркази очилди. Ёшлар Абай меросини ўрганиши лозим, деб ҳисоблайман», деб таъкидлади у.

Ҳозир Лайла Мухлесовна фарзандлари билан Қозоғистон пойтахтида яшайди. Ўзининг айтишича, буюк шоирнинг бошқа авлодлари билан ҳам алоқада бўлишга интилади.

 

Фото: sputniknews.kz