Қозоғистон ўқувчилари биринчи чоракда масофадан ўқишади

Қозоғистон ўқувчилари биринчи чоракда масофадан ўқишади

Янги ўқув йилида ҳам қозоғистонлик ўқувчилар мактабларга қайтмайди. Биринчи чорак дарслари масофадан ўтилади. Бу ҳақда Таълим ва фан вазири Асхат Аймағамбетов маълум қилди.

«Бугунги кунда санитария- эпидемиологик вазият мураккаблигича қолмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, ҳар йили кузги мавсумда болаларнинг 70 фоизи тумовга чалинади. Болалар, ота-оналар ва азиз  педагогларимиз хасталаниш эҳтимоллиги етарлича юқорилигини ҳисобга олган ҳолда жорий йилнинг 1 сентябридан биринчи чорак тугагунича  масофадан ўқитилиши тўғрисида қарор вабул қилинди»,  деди у онлайн-брифинг давомида.

Асхат Аймағамбетовнинг айтишича, фақат кичик комплектли қишлоқ мактабларида ўқувчилар одатдаги тартибда таълим олади. Бошланғич синфлар учун навбатчи гуруҳлар ташкил қилинади. Ота-оналар истагига кўра, биринчи синф ўқувчилари ҳам мактабга бориши мумкин.

Барча дарслар бир кабинетда ўтади. Турли синфлар учун танаффус турли вақтда бўлади, мактабга киришда ҳарорат ўлчанади ва ҳавони шамоллатиш, кварцлаш, тозалашга алоҳида эътибор берилади.

«Ижтимоий масофаланиш мақсадида таълим кўпи билан 15 ўқувчилан иборат синфларда олиб борилади, сменалар ташкил қилинади, таълим кунлари навбат билан ўтказилади. Дарсларнинг бир қисми масофадан ўтилади», деди вазир.

Ёз давомида Таълим ва фан вазирлиги интернет-майдончалар, контент, ТВ-дарслар устида иш олиб борди. Вазир  20 июлда отпускадан чиқадиган педагогларни жуда кўп иш кутаётганини билдирди. Ўқитувчилар учун 5 модулли онлайн-курслар тайёрланган, улар IT билимлар, киберпедагогика ва таълим усулларини ўргатишга қаратилган. Телевизион дарслар олиб бориш бўйича ҳам иш олиб бориляпти.

Асхат Аймағамбетов компьютерлар етишмаслиги муаммосига алоҳида тўхталди.  Бугунги кунда мактабларда  405 минг компьютер бор бўлиб, ҳар 21 ўқувчига 1 тада тўғри келади. Уларнинг кўп қисми эски. Икки йил ичида бу кўрсаткични 5 тага 1 компьютерга етказиш режалаштирилган.

«Маҳаллий ижро органлари мактабларни, ўқитувчи ва ўқувчиларни  компьютерлар билан таъминлаши даркор. Тез кунларда бу ишлар амалга оширилади, деб ўйлайман. Ҳозирнинг ўзида қўшимча 36 минг компьютер олинди. Халқаро Тикланиш ва тараққиёт банкидан олинадиган қарз келгуси йил бюджетига қўшилган.  Тегишли вазирлик билан бирга компьютерлар сотиб олиш учун биз бу маблағни жорий йилга ўтказиш юзасидан иш олиб боряпмиз», деди вазир.

Бундан ташқари, талабалар ҳам келгуси ўқув йилини масофадан олиб боради. Университет ва коллежларга фақат истисно тариқасида борилади.

«Анъанавий формат индивидуал график асосида ишлаб чиқариш амалиёти даврида ҳамда талабалар сони кам бўлган олисдаги коллежлар учунгина сақлаб қолинади», деди вазир.

Асхат Аймағамбетов эпидемиологик вазият яхшиланган тақдирда ўқувчи ва талабаларни офлайн-таълимга қайтариш масаласи кўрилишини билдирди.

 

Фото: baigenews.kz