iKOMЕК 109 дан нималарни сўрашаяпти?

iKOMЕК 109 дан нималарни сўрашаяпти?

Қозоғистонда ишлаб турган iKOMЕК 109 марказига кунига 7 мингдан 29 минг нафаргача фуқаро мурожаат этади. Бирорта фуқаронинг саволи эътибордан четда қолмайди. Мутахассислар 2000 дан зиёд мавзуда маълумот беришади.  Саволлар мавсумга қараб ўзгариб туради.

«Қиш кунлари таълим даргоҳларида машғулотлар бекор қилиниши, қор ва муздан тозалаш, халқаро трассалар очиқми ёки йўқми каби саволлар беришади. Ёзда асосан ободонлаштириш, жамоат транспорт ва бошқа масалаларда мурожаат қилишади. Биз кўпроқ одам мурожаат этиши учун интилмаймиз, аммо iKOMEK ҳокимликка, коммунал ташкилотларга мурожаат этиш учун жуда қулай сервис бўлгани сабабли бизга чиқишни маъқул кўради»,  деди Нур-Султон шаҳри iKOMEK маркази раҳбари Жаннат Дубирова.

Мурожаатлар кўпайиб бормоқда, «коронавирус» мавсуми ҳам бунга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Қўнғироқ қилувчилар сони бир неча марта ортди. Сўнгги ҳафтада аҳолини аптекаларда нархлар кўтарилиши ва дорилар тақчиллиги масаласи ташвишлантирмоқда. Бу муаммо ҳақида кўплаб шаҳарликлар мурожаат этган.

«Биз билан боғланишнинг кўплаб усуллари бор. Истовчилар 109 рақамини териши ёки мобиль иловадан фойдаланиши мумкин. iKOMEK пайдо бўлганидан буён аҳоли давлат ташкилотлари қандай ишлайди, қайси масала кимнинг зиммасида эканлиги билан қизиқиб ўтиришига эҳтиёж қолмади. Қулай алоқа каналига мурожаат этилса бас, ҳар бир мурожаат зарур нуқтага етказилиши таъминлаш бизнинг зиммамизда», деди Жаннат Дубирова.

iKOMEK шаҳар марказида ишловчи операторларнинг барчаси универсаллар. Мурожаатларнинг кўп қисмини суҳбат давомида ҳал қилиш имкониятига эга. Улар ихтиёрида бўлган, мунтазам янгиланиб турадиган кенг маълумотлар базаси ҳам бунда жуда асқотади. Масала оператор ваколати доирасида бўлса – у зарур маълумот олиш мумкин бўлган телефон рақамларини тақдим этади. Баъзан одатдан ташқари ҳолатлар ҳам юз беради.

«Бир куни отель номерига йиртқич қуш – лочин кириб қолган, маъмурият ҳам, хонада яшаётган одам ҳам нима қилишини билолмай 109 га қўнғироқ қилган. Орадан 30 минут ўтгач ветсервис хизмати ходимлари лочинни тутиб олиб кетишди ва яқин жойдаги ўрмонга қўйиб юборишди. Бир куни шаҳарда яшовчи бир киши ҳокимнинг исми-шарифини сўраб қўнғироқ қилди. Маълум бўлишича, у ариза ёзмоқчи бўлган. Операторларимиз мурожаатини рўйхатдан ўтказгач эса унинг ариза ёзишига ҳожат қолмади», деди марказ раҳбари.

Йил бошидан буён iKOMEK хизматига 1 млн 322 минг марта мурожаат этишди. Шундан чорак қисмини фавқулодда ҳолат ва коронавирус мавзуси ташкил қилган. Ўтган кеча-кундузда 7 минг нафардан зиёд юртдошимиз мутахассис маслаҳатидан фойдаланган. Фуқаролар мурожаатларини олтмиш нафардан зиёд  оператор қабул қиляпти. Улардан ҳар бири ўрта ҳисобда кунига камида 230 одамга хизмат кўрсатяпти. Айни вақтда улар хушмуомалалик ва профессионал ёндашган ҳолда пойтахт аҳолиси муаммоларини ҳал этишга ёрдамлашишмоқда. 

 

Фото: komando.com