13 июль – Миллий мотам куни

13 июль – Миллий мотам куни

13 июль Қозоғистонда коронавирус инфекцияси қурбонлари хотирасига миллий мотам куни, деб эълон қилинди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев телевидение орқали халққа мурожаатида шуни билдирди.

«Афсуски, касаллик қозоғистонликлар ҳаётини олиб кетишда давом этяпти.Расмий маълумотлар ортида ўнлаб оилалар фожиаси ётибди. Кимдир отасини, кимдир онаси, ака-ука, опа-сингил, фарзандларини йўқотди. Мен вафот этганларнинг яқинлари ва қариндош-уруғларига ҳамдардлик билдираман. Бу – ҳаммамиз учун фожиали палла. Шунинг учун 13 июль кунини пандемия қурбонлари хотирасига Миллий мотам куни, деб эълон қилдим.  Биз коронавирус билан курашда давом этамиз. Ғалаба қозонишимизга шубҳа йўқ», деди Давлат раҳбари.

9 июль тонгигача 264 нафар қозоғистонлик машъум вирусни енгиб ўта олмади. Фожиаларнинг кўп қисми Қозоғистон пойтахти, шунингдек, Қарағанди вилояти ва Алмати шаҳрига тўғри келди.

«Пандемии – инсониятга асрлар давомида човут солиб келган фалокат. Ҳаёт, келажак учун тиббиётга, фан ютуқларига таянган ҳолда ғалабага ишонганича курашган мамлакатлар ва одамлар ҳар сафар уни мағлуб қилган. Президентимиз айтгани каби, албатта машъум касалликни енгиб ўтамиз», деб таъкидлади КИСИ директори Зарема Шаукенова.

«Пандемияга қарши курашда ваҳимага берилмаслик керак! Тўхтаб қолмайлик! Универсал мобил ёрдам гуруҳлари июл ойи бошида 400 тагина эди, ой охирига бориб улар сони 3,5 мингтага етказилади. Марказларда кунига уч минглаб  коронавирус тести ўтказилмоқда. Аптекаларга парацетамол ва антибиотиклар каби зарур дори-дармонлар етказиб берилмоқда. Врачлар ахборий кўмакни фаоллаштирмоқда. Эпидемияга қарши ажратилган маблағ ўрнида сарфланиши назорат остида. Халқ бошига иш тушганидан фойдаланиб, даромад орттираётганлар жазоланади», деб ёзди Сенат депутати Дана Нуржигит.

 

Фото: inform.kz