Қозоғистон Президенти ваҳимага берилмасликка чақирди

Қозоғистон Президенти ваҳимага берилмасликка чақирди

Дори-дармонлар нархи кўтарилиб кетишига сабаб бўлганлар жавобгарликка тортилади. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев қозоғистонликларни ваҳима қилмасликка чақирди.

«Топшириғимга биноан ҳуқуқ ҳимоялаш органлари дори-дармонлар билан чайқовчилик қилаётганларни аниқлашга киришди. Аҳолини дори-дармонлар билан таъминлаш давом этади. Фуқароларни ваҳимага берилмасликка чақираман», деб ёзди давлат раҳбари Twitter саҳифасида.

Шу кунларда барча минтақаларда махсус рейдлар давом этмоқда. Полициячилар баҳоси оширилган дори-дармонларни аниқлаш мақсадида ижтимоий тармоқлар ва веб-сайтларни ҳам текширмоқда. Қатор натижаларга эришилда. Фақат пойтахтда полиция 3,7 миллион тенгели дори-дармонларни мусодара қилди. Алматида ноқонуний бизнес билан шуғулланаётган  икки одам қўлга олинди. Чимкентда 50 дан ортиқ одам жавобгарликка тортилди. Атираудаги хусусий клиника соҳиби вирусга қарши препаратлар нархини 10 марта қиммат сотган. Қарағанди, Туркистон вилоятларида ҳам шу каби ҳолатлар аниқланган. Ақмўла вилоятида бир шахс уйида аптека очган ва кечалари ҳам дорилар сотиш билан шуғулланган. 

Дори-дармонларни юқори нархларда сотиш маъмурий ҳуқуқбузарликлар сирасига киради ва 426-моддага кўра бунинг учун 2 миллион 778 минг тенге жарима солиниши мумкин.

Дори-дармонлар тақчиллиги муаммоси ҳал этилмоқда. Препаратлар олиб кириш тартиби соддалаштирилди. Икки ҳафта аввал атиги 974 миллион тенгега дорилар келтирилган бўлса, ўтган ҳафта 1,5 миллиард тенгега харид қилинди.

 

Фото: dnr-live.ru