Қозоғистонда «Абай ТВ» ва «Ал-Форобий» телеканаллари ишга тушади

Қозоғистонда «Абай ТВ» ва «Ал-Форобий» телеканаллари ишга тушади

Қозоғистонлик телетомошабинлар учун яхши янгилик: иккита янги телеканал ишга тушади. Аҳоли билан учрашув давомида Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазири Аида Балаева шу ҳақда маълум қилди. Унинг айтишича, «Абай ТВ» эртадан бошлаб эфирга кўрсатувлар узата бошлайди.

«Биз «Абай ТВ» телеканалини 30 июндан ишга туширамиз. У «Қозоғистон» телерадиокомпанияси оиласига киради ва мамлакатимиз бой маданиятини тараннум этади. Иккинчи лойиҳа  - «Ал-Форобий» телеканали «Хабар» томонидан ўқув йили бошида ишга туширилади. У 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар учун ишловчи таълимий-маърифий майдончага айланади»,  деди вазир.

Бундан ташқари,  Аида Балаеванинг айтишича, жорий йилда 42 та мамлакатимиз телесериаллари суратга олинади. Улар қаторида оилавий қадриятлар ва кўнгиллилар ҳаракати хусусидаги қизиқарли лойиҳалар ҳам бор. Шунингдек, муаллимлар, шифокорлар, полиция ходимларини имижини кўтаришга қаратилган, соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи сериаллар ҳам бор. Айни вақтда, жорий йилда 7 нафар қозоғистонлик кўнгилли сифатида БМТ тузилмаларига ишлаш учун юборилади.

«Жорий йил давлат раҳбари ташаббуси билан Волонтёр йили, деб эълон қилинган. «Birgemiz» республика фронт-офиси доирасида кўнгиллилар штабари тузилди, «қайноқ линия»лар очилди, ижтимоий заиф аҳолига ёрдам бериш мақсадида 40 минг нафар волонтёр жалб этилди. Натижада, Фавқулодда ҳолат даврида оғир шароитга тушиб қолган салкам 1 миллион ватандошимизга ёрдам кўрсатилди», деб таъкидлади Аида Балаева.

Вазир «Маънавий янгиланиш» дастурига ҳам тўхталиб ўтди. Ижтимоий онгни такомиллаштиришга қаратилган қатор ишлар амалга ошириляпти. «Маънавий янгиланиш» дастури доирасида 13 та махсус лойиҳа рўёбга чиқарилади.

«Тегишли режага кўра, ҳар бир минтақада уч йўналиш: шахсни такомиллаштириш, миллий ўзига хосликни сақлаб қолиш ва мамлакат, фуқаро жамиятини ривожлантириш бўйича иш олиб борилади», деб кўрсатиб ўтди вазир.

Ахборот тарқатиш билан шу кунларда «ruh.kz» портали ва «Фуқаролар майдончаси» шуғулланяпти. Унда аҳоли ҳамда фуқаролар жамияти вакиллари барча масалаларни очиқ муҳокама қилиши, ўз таклифларини киритиши мумкин.

 

Фото: tv-vybor.ru