Туризмда энг муҳими – илгарилаш

Туризмда энг муҳими – илгарилаш

Жабрланса-да, таслим бўлмади. Аналитиклар фикрича, пандемия туфайли туризм соҳаси энг кўп зарар кўрди. Аммо бу саноатнинг улкан салоҳияти мавжуд. Туризм 21-асрга иқтисодиётнинг барқарор ривожланиб келаётган сердаромад соҳаси сифатида кириб келди. Асосий кўрсаткичларга кўра у инвестиция самарадорлигига кўра нефть саноатидан қолишмайди. Экспертлар фикрича, бу йўналишни ривожлантиришда давом этиш зарур.

Қозоғистонда бизнес ҳам, давлат ҳам бу борада якдиллигини намойиш қилмоқда. Жамбил вилоятида «Караалма» дастлабки тоғ-чанғи базаси очилиш арафасида. У минтақанинг энг кўркам туманларидан бири -  Жуалида, Ақсу-Жабағли қўриқхонаси яқинида жойлашган. Жамбил «Куршавел»и деярли тайёр. У октябрь ойида ишга тушади.

Соғломлаштириш мажмуасига зарур инфратузилмалар олиб келинган. «Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой» автойўлидан тоғ яқинигача 7 километрли йўл қурилган, чўққиларга осма йўл ўрнатилган. Осма йўл ускуналари Австриядан келтирилди, унинг умумий узунлиги 350 метр. Сервис хизмати ва 20 та иншоотли коттеж шаҳарчаси бунёд этиляпти. Келажакда 4000 мингтагача меҳмон учун шарт-шароит яратилиши режалаштирилган.

Давлат-хусусий ҳамкорлик доирасида қурилаётган иншоотлар умумий қиймати 4 миллиард тенге. Тоғ чўққисидан мажмуагача 2500 метрли тоғ-чанғи трассаси ётқизилади. Меҳмонлар йил давомида қабул қилинади. Ёзда от саёҳатлари, велотуризм, дельтапланерлар, балиқ ови билан шуғулланиш, қимиз ва янги соғилган бия сути истеъмол қилиш мумкин.

Балхашда ҳам йўл қурилиши катта суръатларда давом этяпти. Кўл ҳудуди Қозоғистонда туризмни ривожлантириш дастурига киритилган. У ерда туристлар эмин-эркин ҳаракатланиши учун йўллар таъмири давом этяпти. Аввалроқ Чубар-Тубек посёлкасида 24 километрли асфальт йўл янгиланди.

Бошқа минтақалардан туристларни жалб этиш мақсадида авиаалоқа кенгайтирилиши юзасидан иш бошланган. Курорт шаҳар яқинида йирик самолётлар қўна олиши учун аэропорт қайта қуриляпти. 2023 йилга ободонлаштириш ишлари якунланиши режалаштирилган. Бу эса Балхашга келаётган туристлар сонини 5 марта ошириш имкониятини беради. Шу кунларда курортда йилига ўртача 80 минг одам дам олади. Реконструкциядан кейин дам олувчилар сони ярим миллионга етиши кўзланган.

Шимолий Қозоғистон вилоятида инвесторлар Минкесер шўр кўли соҳилларини ободонлаштириш билан банд. Ҳавза Петропавловскдан салкам 100 километр масофада жойлашган, шифобахш балчиғи билан ном қозонган. Сув таркиби номи дунёга таниш Ўлик денгизникига жуда яқин. Унга ҳар йили Россиядан ҳам кўплаб туристлар келади. Шу кунгача бу ерда фақат «ёввойи» пляжлар мавжуд эди. Эндиликда тадбиркорлар мириқиб дам олиш учун барча шарт-шароитлар яратиш ниятида. Кўл яқинидаги қишлоқда эса меҳмонхона очилди.

«Махсус шийпончалар, шезлонглар қўйдик, кафе ишлаб тарибди, душ кабиналари, санитария иншоотлари бор. Коронавирус туфайли хорижга чиқиб кетиш имкониятлари чекланган бир даврда фуқаролар кўлимизга кўплаб келишига умид қиляпмиз. Чунки, биринчидан, шифобахш; иккинчидан, бу ерда қозоқ дашти табиатидан баҳраманд бўлишади», деди инвестор Дмитрий Шарапаев.

Таъкидлаш жоизки, ўтган йили Минкесер кўли Шимолий Қозоғистон вилояти муқаддас жойлари харитасига киритилди.

Фото: pkzsk.info