31 май – Сиёсий қатағон қурбонларини хотирлаш куни

31 май – Сиёсий қатағон қурбонларини хотирлаш куни

1997 йилдан бошлаб ҳар йили 31 май куни Қозоғистон тақвимида Сиёсий қатағон қурбонларини хотирлаш куни сифатида нишонланади. Совет Иттифоқи ҳудудида яшаган турли миллат ва элатлар вакиллари оғир синовларга дуч келди. Орадан кўп йиллар ўтган бўлса-да,  тоталитар тизим зарбаларига дуч келганлар унутилмади. Республикамизда мустақиллик йилларида 14 та «Мотам китоби» чоп этилди, уларда айбсиз жазоланган 146,5 минг юртдошимиз исми-шарифи келтирилган. Қонунчиликка мувофиқ 340 мингдан ортиқ фуқаролар оқланди. Бунга 1993 йил Биринчи  Президент Нурсултон Назарбоев имзолаган «Оммавий сиёсий қатағон қурбонларини оқлаш тўғрисида» фармони имкон берди. Шундан буён республикада катта ишлар амалга оширилди.  Тоталитаризм қурбонлари дафн этилган жойларда ўнлаб ёдгорликлар қўйилди. Собий лагерлар ҳудудида мемориал мажмуалар ишлаб турибди.

Синовли йилларни халқимиз қандай босиб ўтгани тўғрисида Давлатчилик тарихи институти етакчи илмий ходими Қанат Енсенов маълум қилди. Уни фикрича, мусибатли йилларни учга бўлиш мумкин: 1928-1930 йиллардаги коллективлаштириш, 1931-1933 йиллардаги очарчилик ва 1937-1938 йиллардаги сиёсий қатағон.

Коллективлаштириш ва мусодара қилиш (1928-1930):

Қозоғистон АССР қатағон сиёсати 1928 йилда бошланди. 27 август куни Марказий Ижроқўм ва Халқ комиссарлари кенгашининг «Бой хўжаликларини мусодара қилиш тўғрисида» қарори қабул қилинди.

«Бу қарор туфайли етти юзга яқин йирик фермалар вайро қилинди, уларнинг соҳиблари эксплуататор, деб номланиб қамоққа олинди. Кўпчилиги халқ душмани сифатида сургун қилинди, баъзилари отиб ташланди. Жамоа хўжаликлари ташкил этиш даврида бундай сиёсат давом этди, бойлар ва ўртаҳоллар оммавий равишда қатағон қилинди. Бунга кўплаб архив ҳужжатлари гувоҳлик беради. Совет Иттифоқи одамларни аҳоли кам яшайдиган қозоқ даштларга кўчира бошлади», дейди тарих фанлари номзоди Қанат Енсенов.

Очарчилик (1931-1933)

Ўтган асрнинг 30-йилларида бошланган очарчилик Совет Иттифоқи давридаги оғир вақтлардан бири бўлди. Натижада, Қозоғистон, Россия, Украина ва Беларусда 7 миллион одам очликдан ҳалок бўлди. Очарчилик ва унинг оқибатлари совет даврининг энг оғир йиллари қаторига киради.

«Бу эса демографик вазиятга таъсир кўрсатди. Коллективлаштириш овулларнинг асрий яшаш тарзини ўзгартирди. Юз минглаб қозоқлар очлик ва қатағондан қутулиш учун тарихий ватанини тарк этди. Хитой, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Россияга кўчиб кетди. Очлик туфайли республикада 2 миллион 200 минг одам ҳалок бўлди. Шундан 1,7 млн нафари – қозоқлар!» деб таъкидлади тарихчи.

Сиёсий қатағон (1937-1938)

Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда 103 мингдан ортиқ киши таъқиб остига олинди. Уларнинг чорак қисми қатағон йилларида ўлдирилди.

«Қозоғистонда 25 мингдан ортиқ одам отиб ўлдирилди, ойдин фикрловчи инсонлар – фан, маданият, сиёсат арбоблари йўқ қилинди. Улар қаторида «Алаш» ҳаракати собиқ аъзолари, Алихан Бўкейханов, Ахмет Байтурсинов, Беимбет Майлин, Мағжан Жумабаев, Турар Рисқулов, Абдулла Рўзибақиев, Мухамеджан Тинишбаев, Илёс Жансуғуров ва бошқа зиёлилар вакиллари ҳам бор эди», деди Қанат Енсенов.

Қозоғистон заминидаги лагерлар

Золим сиёсат туфайли нафақат «халқ душманлари», балки уларнинг оила аъзолари ҳам жабрланди. Ахлоқ тузатиш лагерлари уларни қийнаш воситаларидан бири эди.  Совет Иттифоқида бундай лагерлардан 60 таси бўлган, шундан 20 таси Қозоғистон ҳудудида жойлашган. 1937 йилда Ақмўла яқинидаги Тўнкерис қишлоғида АЛЖИР лагери пайдо бўлди. У энг йирик аёллар лагери бўлган. «Ватан хоинлари» рафиқаларини шу ерга қамашган. Бир вақтнинг ўзида у ерга 8 минг аёлни жойлаштиришган.

АЛЖИР маҳбусларидан бири Янина Германович эди. У синовларни енгиб ўтиб, кейинчалик озодликка чиқди. Ўлимга ҳукм қилинган Белорус шоири Тодор Кляшторнийнинг рафиқаси лагерда 8 йил жазоланди. 1938 йилда уни 4 ойли фарзанди билан шу ерга юборишганди. Қизи Майя Тодоровна қамоқхона яқинидаги боғчага қатнаганини эслайди.

Йиллар ўтгач у Қозоғистондаги мемориал-музей мажмуасига оғир синов йилларида унга иссиқлик берган одеяло ва каштали белбоғини совға қилган.

«Бу одеялонинг ўз тарихи бор. Онам билан Қозоғистон, Сибирь ва Беларусь бўйлаб сургунларда юрганимизда у қўлимизда бўлган. Кейинчалик ҳаёт изига тушиб кетганидан кейин ҳам мени уни хотира сифатида эҳтиётлаб сақлашда давом этганман», деб ҳикоя қилади Майя Тодоровна.

Бугунги кунда АЛЖИР музейи жамғармасида 17 минг экспонат бор. Улар орасида них Қозоғистон, Россия, Беларусь, Исроил ва Грузиядан олинган архив ҳужжатлари, фотографиялар, АЛЖИРда қамалганларнинг фарзандлари ёзган хатлар ва хотиралар бор.

 

Фото: m.azh.kz