Алакўл туристларни кутяпти

Алакўл туристларни кутяпти

Бугунги кунда Алакўл йўналишида турли йўлланмалар сотилмоқда. Демак, тез орада карантиндан чарчаган қозоғистонликлар мириқиб ҳордиқ чиқаришлари учун имконият пайдо бўлади. Курортларда тайёргарлик қандай, йўлга чиқиш учун қандайдир ҳужжатлар керакми? Оромгоҳларда қандай хавфсизлик чоралари кўрилган? Путёвкалар баҳоси қандай? Бу ҳақда қуйида ўқий оласиз.

Алакўл  туристлар келишига тайёр. Шуни ҳам айтиш керакки, фақат Шарқий соҳилда 176 та дам олиш жойлари мавжуд. Дам олиш ҳудудлари, меҳмонхона ва санаторийлар бир вақтнинг ўзида 11 мингдан зиёд меҳмонга хизмат кўрсата олади. Тадбиркорлар онлайн-бронлаш хизматини жорий этган. Нархлар ҳам унчалик баландмас: бир кунлик таътил 2600 тенгедан 10 500 тенгегача. Одатда мавсум 15 июнда очилади, жорий йилда оромгоҳлар вилоят бош санитария врачи рухсат берган кундан бошлаб меҳмонларни қабул қилишга тайёр.

«Семей ва Ўскаман аэропортларига келган барча саёҳатчилар COVID-19 га экспресс-тест топширади. Аэропортлар, темирйўл ва автовокзалларда тиббий ниқоб тақиш, масофаланиш шарт. Келаётганлар ва кетаётганлар учун алоҳида йўлаклар очилади. Кузатувчилар эса аэропорт ва вокзалларга киритилмайди»,  деб маълум қилди Шарқий Қозоғистон вилояти бош давлат санитар врачи Марат Исмаилов.

Пандемия шароитида иш юритишга бизнес ҳам кўникмоқда. Алакўл соҳилидаги оромгоҳларнинг барчасида тиббий ниқоблар, қўлқоплар, антисептик ва масофдана аниқлайдиган термометрлар захираси мавжуд. Туристлар ҳам ўзлари билан ўзини ҳимоялаш воситаларини олиб келишлари зарур. Шуни ҳам айтиш керакки, бу вилоятда коронавирус у қадар кўп тарқалмаган.

«Биз меҳмонлар учун махсус графикка кўра овқатланиш тартибини жорий этиш имконига эгамиз. Ресторанда бир вақтда кириши мумкин бўлган меҳмонлар сонига чекловлар қўйилса – унга мослашишга ҳам тайёрмиз. Махсус дезинфекция воситалари билан ювишимиз мумкин. Нақд пул айланишини чеклаш масаласига келсак, Алакўлдаги барча тадбиркорлар ҳисоб-китоблар учун терминалларга эга. Бундан ташқари, туристик операторлар вазият оғирлашган тақдирда мижозларга пулларини қайтириб беришга тайёр. Ўтган йил кузидан  буён нархларни ўзгартирмадик. Энг юқори даражали хизмат кўрсатишга тайёрмиз. Қолганини эса кўплаб касалликлардан халос қилувчи, иммунитетни  мустаҳкамловчи Алакўл шифобахш сувлари ва балчиғи ҳал қилади», – деди оромгоҳлардан бирининг ҳаммуассиси Светлана Асилбекова.

Туристик соҳа янги мавсумга тайёр. Маҳаллий ҳокимият эса шарқий соҳилни ободонлаштириш масаламида ғамхўрлик кўрсатди. Автомобиль йўлларини таъмирлаш учун 6 миллиард тенгедан зиёд маблағ сарфланди.

Экспертлар минтақада туристлар сони ҳар сафаргидан кўпроқ бўлишини айтишяпти. Дастлабки ҳисобларга кўра, мавсумда Алакўлга камида 300 минг турист келиши кутилмоқда.