Қозоғистон курортлари меҳмонларни кутиб олишга тайёрланмоқда

Қозоғистон курортлари меҳмонларни кутиб олишга тайёрланмоқда

Узоқ давом этган танаффусдан сўнг курортлар меҳмонлар ташрифига тайёрланмоқда. Мамлакатда карантин амалиёти давом этаётган бўлса-да, меҳмонхона соҳиблари яқин келажакда иш бошлашга ҳозирланишяпти. 18 майдан улар расман эшик очади.

Аммо туристик агентлар тарқатган маълумотга кўра, ҳозирча ички туристик йўналишларга йўлланмалар сотилганича йўқ. Чунки қайси бир оромгоҳ қачондан иш бошлаши номаълумлигича қолмоқда. Ваҳоланки, экспертлар фикрича, узоқ давом этган изоляция тартибидан сўнг қозоғистонликлар ватанимиз турли вилоятларига саёҳат қилишни истайди. Уларнинг кўпчилигида хориждаги каби шарт-шароитлар яратилгани ҳам сир эмас. Фақат  Алакўл атрофидаги курортларнинг ўзида камида 12 минг одам дам олиши кутиляпти. Шарқий Қозоғистон вилоятида 20 дан ортиқ туристик объектлар очилиши режалаштирилган, улар Бухтарма сув омбори ва Катон-Қарағай тоғларида жойлашган. Уржар туманида  4 юлдузли  отель ва соғломлаштириш санаторийси иш бошлайди.

«Жорий йилда 300 минг нафар туристларни кутиб олиш ниятидамиз,  курортларда санитармя ҳимоя мажмуаси мавжуд.  Алакўлга камида 12 минг турист келади, Бухтарма оромгоҳида ҳам 10 минг саёҳатчи ҳордиқ чиқаради», деди вилоят туризм ва ташқи алоқалар бошқармаси раҳбари Марат Кабаков.

Қозоғистон туристлари орсида жуда оммалашган яна бир йўналиш  - Каспий денгизи соҳиллари. Ақтау курорт ҳудуди ҳам очилишга тайёр. Бу ерда қўшимча равишда кўп сонли йирик объектлар қурилмоқда. Шаҳардан  20 км масофада йирик курорт мажмуаси очилади. У 1000 одам дам олишига мослаштирилган. Илиқ пляжлар, аква-парклар ва денгиз суви қуйилган бассейнлар соҳил жавҳари бўла олади.

Қозоғистонликларни қизиқтираётган йўналишлар қаторида Балхаш кўли ва Бурабай курорти ҳам муҳим ўрин тутади. Қозоғистон туристик ҳамжамияти директори Рашида Шайкенованинг айтишича, бу минтақаларда инфратузилмалар яхшиланмоқда.

«Асосан, дам олиш кунларига мўлжалланган қисқа таътил учун келишларини тушунамиз. Мамлакат аҳолиси ўлка бўйлаб саёҳатга чиқишини кутяпмиз. Уларга ўзлари тўлаган маблағга мувофиқ хизмат кўрсатилишига ишончим комил», деди Рашида Шайкенова.

Ўтган йили юртдошларимиздан 6,6 миллион нафари маҳаллий курортларга ташриф буюрди. Энг мақбул минтақалар рўйхатини  Алмати шаҳри очиб беради. Иккинчи ўринда – Алмати вилояти. Сўнгра Нур-Султон, Шарқий Қозоғистон ва  Ақмўла вилояти.

 

Фото: yk-news.kz