Туркистонда табиий офат: қишлоқларни сув босди

Туркистонда табиий офат: қишлоқларни сув босди

Туркистон вилоятида бир қанча туманларда сув тошқини юз берди. Тинимсиз жалалар туфайли маҳаллий дарёлар сатҳи кўтарилди, бу эса тошқинларга олиб келди. Айниқса, Тўлебий туманида зарар катта бўлди.

«Соат 16:00 атрофида Қашқасув дарёси тошди, натижада Екпинди қишлоғидаги тўртта хусусий уй ва 15 та ҳовли сув остида қолди», деб маълум қилди вилоят Фавқулодда ҳолатлар департаменти.

Тўлебий туманидаги ўнлаб қишлоқлар ва Ленгер шаҳрида ҳам сувнинг шиддати кучли бўлди. Тун ярмига бориб тошқин кучи сусайди.

«Соат 00:00 да сув оқими пасайди, ёмғир тинди. Вазият барқарорлашмоқда. 77 одам – жами, 14 оила кўчирилди. Ҳозир ишчи гуруҳи ҳудудни кўздан кечириб, қанча уйга зарар теккани аниқланмоқда», деди Тўлебий тумани ҳокими Бауржан Ўмарбеков.

Умуман олганда, вилоятда 367 ҳовлига сув босиб кирган. Бундан ташқари, дарёлар суви кўтарилиши натижасида тўртта кўприк ишдан чиққан. Аҳоли орасида йўқотишларга йўл берилмаган.

«Қазиғурт туманида ҳам вазият барқарорлашди. 133 одам, шу жумладан, 45 бола кўчирилди. Улар озиқ-овқат ва дори-дармонлар билан таъминланди, ҳозир қариндош-уруғлариникига етказилди. Байдибек туманида 55 одам кўчирилди.  Сайрам ва Тулкибош туманларида ҳам аҳолига анча зарар етган. Ҳозир ишчи гуруҳи маълумот тўплаяпти», деб хабар қилди ўзининг Facebook саҳифасида Туркистон вилояти ҳокими ўринбосари  Сакен Қалмақанов.

Шуни ҳам айтиш керакки, кучли ёмғир Чимкент шаҳрида ҳам талофат келтирди. «Елтай» кичик туманида 60 та хусусий уй зарар кўрди. Қутқариш ишларига Миллий гвардия кучлари, 14 та ўт ўчириш машинаси ва шахсий таркибдан 57 нафар хизматчи жалб этилди. 150 дан ортиқ одам кўчирилди ва тўпланиш пунктларига жойлаширилди.

Жанубий Қозоғистон бугун ҳам ноқулай об-ҳаво тасири остида. Синоптиклар ёмғир, чақмоқ ва кучли шамол юз беришини хабар қилган. Тоғли туманларда 15 май куни ҳам сув сатҳи кўтарилиш эҳтимоли жуда юқори.

 

Фото: tengrinews.kz