Қозоғистон мактабларида сўнгги қўнғироқ очиқ ҳавода ўтказилади

Қозоғистон мактабларида сўнгги қўнғироқ очиқ ҳавода ўтказилади

Карантин чекловлари мавжуд бўлса-да, сўнгги қўнғироқ тадбирлари бекор қилинмайдиган бўлди. Тантанали анжуман очиқ ҳавода ва санитария талабларига риоя этилган ҳолда ўтказилади. Бўлиб ўтган брифингда Бош вазир ўринбосари Ерали Тўғжанов шуни маълум қилди. Аммо онлайн дарс ўқув йили охиригача давом эттирилади.

«Жами 3.3 млн ўқувчи ва 1 млн талаба бу тадбирларда қатнашади. 3-4 июнь куни мактабларда аттестатлар топширилади. Қатнашувчилар сони чекланади», деб таъкидлади Ерали Тўғжанов.

Ягона миллий тест ҳам онлайн шаклида эмас, одатдаги тартибда ўтади. Имтиҳонлар 20 июн куни 168 майдончада бошланади. Бундан ташқари, ишловчи ота-оналар учун боғчаларда навбатчи гуруҳлар очилади. Шу билан бирга Ерали Тўғжанов санитария меъёрларига жиддий эътибор қаратилишини тилга олди.

«Бугунги кунда йирик савдо марказлари фаолияти хусусида масала кўтариляпти. Ҳозирча бундай объектлар очилмайди. Масала якка тартибда, ҳар бир минтақада алида-алоҳида ҳал қилинади. Оммавий тадбирларга ҳам ижозат берилмайди», деди бош вазир ўринбосари.

 

Фото: egemen.kz