Мақтааралдаги вазият: сўнгги янгиликлар

Мақтааралдаги вазият: сўнгги янгиликлар

Туман ҳудудидаги сув босган жойлардан 6,1 млн куб метр сув сўриб олинди. Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Фавқулодда ҳодисалар қўмитаси матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, Нурлижўл, Фирдавсий, Ўргебас, Иристи ва Жантақсай қишлоқларида умумйи узунлиги 22 км. бўлган муваққат тўғонлар қурилган, Мирзакент қишлоғи йўналишида 3 коллектор ўрнатилган, 86 минг қум тўлдирилган қоплар қўйилган.

Нурлижўл, Жанатурмис, Фирдавсий, Ўргебас, Иристи ва Жантақсай қишлоқларида  сувни сўриб олиш ишлари давом этмоқда. Жамоат тартибини сақлаш мақсадида Жанатурмис, Фирдавсий, Ўргебас ва Жантақсай қишлоқлари кираверишида блок-постлар ўрнатилган.

Эслатамиз, Нурлижўл, Жанатурмис, Фирдавсий, Ўргебас, Иристи ва Жантақсай қишлоқларида  1 030 та тураржой биноларини сув босган. Аҳоли қариндош-уруғлари уйида ва туманда ишга туширилган 10 та эвакуация пунктларида яшамоқда.

Туркистон вилоятида тошқиндан зарар кўрганлар учун янги микрорайон қурилиши бошланган. Ҳокимлик берган маълумотга кўра, қурилиш ишлари 15 августда якунланиши кутилмоқда. Жами, Мирзакент қишлоғида Женис, Жанатурмис, Дўстиқ қишлоқлари аҳли учун 500 уй, болалар боғчаси, мактаб, фельдшер пункти бунёд этилади.

Туркистон вилояти қишлоқ хўжалик бошқармаси раҳбари Нурбек Бадирақов тарқатган маълумотга кўра, тошқин туфайли жами 4,1 млрд тенге зарар кўрилган. Мақтаарал туманида 7639 гектар экинзор сув остида қолган, 297 бош мол нобуд бўлган.

«Барча харажатларни ҳисоблаб чиқдик ва ҳукуматга тавсия бердик. Тез орада товон пули тўланади», деди брифинг мобайнида вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси раҳбари Нурбек Бадирақов.

 

Фото: tengrinews.kz​