Ғалабанинг 75 йиллигига «Панфиловчилар: шуҳратимиз, фахримиз» китоби чоп этилди

Ғалабанинг 75 йиллигига «Панфиловчилар: шуҳратимиз, фахримиз» китоби чоп этилди

«Панфиловчилар: шуҳратимиз, фахримиз». Буюк Ғалаба юбилейи муносабати билан ноёб тўплам чоп этилди. Унда Панфилов дивизияси полклари ва аскарий қисмлари хусусида янгидан аниқланган биографик маълумотлар тўпланган. Бу ҳужжатларнинг барчасини тўплаш учун таниқли тарихчи Лайла Ахметова чуқур тадқиқотлар ўтказган. У Қозоғистон Марказий давлат архиви, Мудофаа вазирлиги Подольск архиви, Россия ФА Тарих институти архиви ва Қирғизистон давлат архиви материалларини чуқур ўрганди.

Муаллифнинг айтишича, китобнинг биринчи қисмида фақат архив ҳужжатлари жамланган. Бу ерда Панфилов дивизияси ва унинг полклари фаолияти кунма-кун ёритилган. Ҳужжатли хроника нашрнинг учдан бир қисмини эгаллайди. Бошқа бобларида эса Панфилов дивизияси жангчи командирлари ҳаётидан лавҳалар берилган. Асосий эътибор унинг биринчи таркибига қаратилган. Унга киритилганлар 1941 йил 18-19 августида Алматидан еттита эшелонга ортилганича фронтга жўнатилган. Асар Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти жамғармаси ва Евроосиё телевидение ва радио академияси ҳисобидан чоп этилди.

«Мазкур тўплам Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги нишонланаётган саналарда жуда долзарблигини сақлаб турибди ва ёш авлодни юртдошларимиз қаҳрамонликлари мисолида ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳамоҳанг. Бундай асарлар уруш хотираларини сақлаб қолиш ва халқимиз миллий ўз-ўзини англашига хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз», таъкидлади жамғарманинг Алмати ваколатхонаси директори Сергей Тохтаров.

Янги китоб тақдимоти онлайн-форматда, халқаро миқёсда ўтказилди. Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Украина, Беларусь ва Ўзбекистондан олимлар, ёзувчилар, журналистлар, қаҳрамон панфиловчилар авлодалри, элчихона вакиллари ва изтопарлар иштирок этди.

 

Фото: fpp.kz