COVID-19: эпидемия табиатни мусаффолаштирмоқда

COVID-19: эпидемия табиатни мусаффолаштирмоқда

Коронавирус пандемияси туфайли шаҳарлар карантинга олинди, одамлар квартираларидан чиқолмай қолди. Миллионлаб заводлар ишини тўхтатди, йўллар бўшаб қолди. 

Бу ҳолат табиатга ижобий таъсирини кўрсата бошлади. Ҳамма ерда жонланиш сезиляпти. Миллионлаб тонна чиқиндилар чиқарилиши тўхтади. Халқаро экспертлар фикрича, коронавирус жаҳон экологияси тозаланиши учун имконият яратди. Оммавий ахборот воситаларида сайёранинг турли қисмларида муҳит яхшиланаётгани тўғрисида маълумотлар берилмоқда.

Фавқулодда ҳолат эълон қилинган Ҳиндистон аҳолиси кўп йиллардан буён биринчи марта Ҳимолай тоғларининг қорли чўққиларини томоша қила бошлади. Деҳлида эса ҳавонинг ифлосланиши 44 фоизга пасайди.

Қозоғистоннинг тоғли ҳудудларида ҳам ўзгаришлар катта. Алматиликлар тоғ ҳавоси  нақадар ўзгаргани ҳақида маълумотлар тарқатяпти.

ТИМУР ЕЛЕУСИЗОВ, ЭКОФАОЛ:

 - Шаҳардаги автомобиллар сони 5 марта камайди. Натижада, шаҳримиз ҳавоси анча тоза ва шаффоф бўлди. Умуман олганда ҳам, ижобий ўзгаришлар сезиляпти. Тез-тез ёғаётган ёмғирлар ҳам Алмати экологиясига таъсирини кўрсатди.

Одамларнинг шаҳар ташқарисига чиқиши тақиқланган. Табиат қўйнида дам олиш, балиқ тутиш, ов тақиқланган. Натижада, экологияга оид тартиббузарликлар ҳам камайган.

МУХИТ РАМАЗАНОВ, АҚМЎЛА ЎРМОН ХЎЖАЛИГИ ВА ҲАЙВОНОТ ОЛАМИ ИНСПЕКЦИЯСИ ҲУДУДИЙ БЎЛИМИ РАҲБАРИ:

 - Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан турли қинғирликлар сони 8 фоизга камайди. Ўрмон хўжалиги аҳволи яхшиланди, ноқонуний ов қилиш ҳоллари деярли йўқ. Вилоят марказлари ва катта шаҳарлар карантинга ёпилгани туфайли кўл ва дарёларда балиқчилар ҳам кўринмайди. Энг муҳими, соҳилларда ҳеч ким дам олмаётгани туфайли у ерларни ифлослантириш ҳоллари ҳам йўқ. Табиат тозаланиб бормоқда.

Табиат йирик шаҳарлар ҳудудида ҳам жонланиб бормоқда. Нур-Султонга ҳатто оққушлар учиб келди. Чиройли қушларни пойтахт ботаника боғи ҳудудида кўриш мумкин.

РУСЛАН ЎРАЗАЛИЕВ, ОРНИТОЛОГ:

 - У ерда ин қуриш учун зарур шароитлар йўқ, шунинг учун оққушлар кўп ўтмай учиб кетса керак. Аммо қамишзорлар пайдо бўлса – келажакда муқим қолиши ҳам мумкин.

Фото: fotokto.ru