Қозоғистонликлар коронавирусга қарши курашда қўлидан келган ёрдамини бермоқда

Қозоғистонликлар коронавирусга қарши курашда қўлидан келган ёрдамини бермоқда

Республика аҳолиси коронавирусга қарши курашга ўз ҳиссасини қўшяпти. Қарағанди тадбиркорлари карантин даврида санитар врачлар ва волонтёрларни автотранспорт билан таъминлади. Бу автомобилларни дезинфекция учун зарур анжомлар билан таъминлашни эса бошқа бир корхона ўз зиммасига олди.

«Волонтёрлар бу автомобилларда муҳтожларга  озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда индивидуал ҳимоя воситалари етказиб беради. Компания транспорт ва ҳайдовчиларга сарфланаётган харажатларни зиммасига олган. Фавқулодда вазият шароитида компаниямиз имконияти даражасида  коронавирусга қарши курашга ўз ҳиссасини қўшмоқда», - дейди тадбиркор Хамит Боскумбаев.

Мамлакат учун оғир кунларда Алмати вилояти бизнесменлари ва жамоатчилиги ҳам ёрдам қўлини чўзмоқда. Рестораторлар муҳтожлар учун бепул таом тарқатмоқда, кўп болалали оилаларга нон етказиб бермоқда, Талдиқўрған шаҳрига кириш-чиқишда ўрнатилган тўртта бекат хизматчиларини  бепул иссиқ овқат билан таъминламоқда. 

«Кимдир санитария постларида ишлаяпти, кимдир жамоат тартибини сақламоқда. Муҳтож оилалар ҳам бор. Шунинг учун имконимиз борича ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилмоқдамиз. Бу ишларимиз бир марталик  акция эмас, Элбоши чақириғига мувофиқ,  бўҳрон тугагунича бу борада иш юритишда давом эттиришни ният қилганмиз», дейди тадбиркор Даурен Талипов.

Уральск талабалари ҳам имкон даражасида ёрдам кўрсатишяпти. Университет ошхонасида тайёрланган тушлик таомлар “тез ёрдам” станциялари ва санитария постларига етказилиб бериляпти.

 «Курашнинг олдинги чизиғида турган бу одамлар барча зарбаларни даф этишга интилмоқда. Улар мунтазам курашда. Биз улар билан бирга эканлигимизни кўрсатмоқда, вақти тиғиз бўлган хизматчилар бамайлихотир таом еб олиши учун етказиб беряпмиз. Айни вақтда 75 нафар университет фахрийларига ҳам иссиқ овқат етказяпмиз», деб маълум қилди Агротехника университети проректори Ақилбек Султанов.

Бугунги кунда мамлакатимиз халқини нохуш хаёллардан чалғитиш ва руҳан мадад бериш учун онлайн концертлар ва ижтимоий тармоқларда қизиқарли челленжлар ўтказаётган Қозоғистон “юлдузлари” -  мусиқачилар ва спортчиларини ҳам атаб ўтиш лозим.

 

Фото: ekaraganda.kz