Қозоғистонда дезинфекция кабиналари ишлаб чиқарилмоқда

Қозоғистонда дезинфекция кабиналари ишлаб чиқарилмоқда

Шимолий Қозоғистон вилоятида дезинфекция кабиналари ишлаб чиқарила бошланди. Янги маҳсулот Петропавловск корхоналаридан бирида тайёрланмоқда.

«Интернетдаги схемаларга қарадик, итальян-турк кабинасини асос сифатида олдик ва ўз корхонамизда шунга ўхшашини ясадик. Жуда самарали. Катта босим остида 5 фоиз спирт, 95 фоиз дистилланган сув, 0,1 фоиз диахлор ва ҳид берувчи моддадан иборат эритма пуркалади. Ҳозир қовоқ ҳиди билан ясаяпмиз. Кийимга деярли зарари тегмайди. Дезинфекция воситаси сифатида эса жуда самарали», деди суҳбатда компания бош директори Дмитрий Шарапаев.

Бундан ташқари, корхонадан таъкидлашларича, эҳтиёж туғилса, кабиналар кўп миқдорда ишлаб чиқарилиши мумкин.

«Ҳозирча 10 та кабинага буюртма беришди. Уч-тўрт кун ичида тайёр бўлади. Шу жумладан, иккита корхона кириш жойида кабиналар ўрнатиш ниятида», - деди бош директор.

Корхонада шу кунларда антисептиклар ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Бир кеча-кундузда 14 тонна маҳсулот бериляпти. Компания Петропавловск, Шимолий Қозоғистон вилояти, Қозоғистоннинг қатор вилоятлари ва қўшни Россияга ўз маҳсулотини юборяпти.

Бундан ташқари, бу ерда йўл ва тротуарларга ишлов бериш воситалари ҳам чиқарилади. Шаҳар эҳтиёжлари учун 10 тонна маҳсулот берилди. Суюқлик ўсимликлар ва ҳайвонот оламига зарар қилмайди.

 

Фото: tengrinews.kz