Ҳукуматда бўҳронга қарши қўшимча чора-тадбирлар пакети кўриб чиқилди

Ҳукуматда бўҳронга қарши қўшимча чора-тадбирлар пакети кўриб чиқилди

Ҳукумат селектор йиғилишида мамлакатнинг 2020-2024 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, 2020 йил республика бюджети тузатилган режалари, шунингдек, Қозоғистон Республикаси Президенти топшириқларини рўёбга чиқаришга қаратилган бўҳронга қарши қўшимча   чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Бу ҳақда Бош вазир расмий сайтида маълум қилинди.

Вазирлар маҳкамаси раисининг таъкидлашича, аҳоли бандлигини таъминлаш устувор вазифалигича қолмоқда. Янги йўл харитасини молиялаштириш 1 триллион тенгегача кенгайтирилди. Бу эса 240 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имкониятини беради. Айни вақтда унга лойиҳаларни рўёбга чиқариш асносида вақтинчалик бандликкина эмас, доимий иш ўринларини ҳам яратишга йўл очади.

«Мазкур «Бандлик йўл харитаси» келажак ривожланишимиз учун имкониятларни шакллантирувчи инфратузилмавий модернизация ва даромад келтирувчи актив яратишга калит бўлади»,  деб таъкидлади Асқар Мамин.

Шунингдек, Бош вазир тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқлардан енгилликлар кўзда тутилганини тилга олди. Бунда савдо, умумий овқатланиш, меҳмонхона ва туризм бизнеси ва бошқа хизмат кўрсатиў соҳалари қамраб олинади. Солиқлардан озод қилиш ва уларни камайтириш турли муддатларга берилиши кўзда тутилган, улар 700 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ишига таъсир кўрсатади.

Ижтимоий нафақа олувчилар давраси ҳам кенгаяди. Унга ишини йўқотган ўзини ўзи таъминловчилар, шунингдек, қатор ижтимоий заиф аҳоли қатламлари киритилади. Натижада, 3 миллион нафар атрофида қозоғистонлик 42 500 тенге миқдорида ёрдам пули олади. 

Кўп болали оилалар ҳамда ишсизларга мунтазам озиқ-овқат, маиший буюмлар жамланмалари етказиб берилади. Бу тадбир 800 минг одамни ўз ичига олади.

Ҳукумат раҳбари минтақа ҳокимликларига янги “Бандлик йўл харитаси”ни, шунингдек, тегишли ижтимоий ёрдам турлари бўйича тўловларни ўз вақтида ва самарали рўёбга чиқаришни топширди.

«Давлат раҳбари тилга олган барча топшириқлар етарли ҳажмда молия билан таъминланади ва ўз вақтида бажарилади», таъкидлади Асқар Мамин.

 

Фото: primeminister.kz