Қозоғистон Президенти шифокорларга миннатдорчилик билдирди

Қозоғистон Президенти шифокорларга миннатдорчилик билдирди

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев оғир кунларда бирдамлик ва баҳамжиҳатлигини намойиш қилгани учун қозоғистонликларга миннатдорчилик билдирди. Давлат раҳбари, айниқса, касалликка қарши курашнинг олдинги марраларида фидокорлик кўрсатаётган шифокорларга алоҳида миннатдорчилик билдирди.

«Бугунги кунда бутун мамлакат Қозоғистон врачлари ва ҳамшираларининг жасурлиги, саботига тасанно айтмоқда. Улар – инсонлар ҳаётини қутқараётган ҳақиқий қаҳрамонлар. Мен пандемияга қарши курашнинг олдинги марраларида турганларни қўшимча мукофотлаш тўғрисида қарор қабул қилдим. Бу эса биз тиббиёт ходимларига кўрсата оладиган арзимас хизматимиз, холос», деди Президент.

Бундан ташқари, Давлат раҳбари коронавирусга чалинган беморларга ҳамдардлик билдирди.

«Қўрқманглар! Жуда хавфли бўлгани билан бу касалликка чалинганларнинг кўпчилиги тузалиб кетади. Биз, давлат ва жамият сизга ёрдам бериш учун имкони бор ҳамма ишни қиламиз», таъкидлади Президент.

 

Фото: akorda.kz