Мутахассислар Абай асарлари долзарблигини таъкидламоқда

 

Иқтидорли қонун яратувчи, файласуф, қози. Бугунги кунда дунё танийдиган ҳуқуқшунос ва экспертлар шоир, маърифатчи сифатида қолдирган меросидан ташқари, Абайнинг сиёсий арбоб ва қози сифатидаги фаолиятини ҳам ўрганишда давом этмоқда. У бийлик қилган вақтида чуқур билимлар ва бой тажрибаси асосида фуқаровий, жиноий ва маъмурий қонунлар тўплами бўлган «Қарамўла ереже»ни ишлаб чиққан. 73 моддадан иборат қонун лойиҳаси 1885 йил май ойида Семипалатинск губерниясида қабул қилинган. Бу ҳужжат қозилар ишини тартибга келтиришда муҳим роль ўйнаган.

ЖАМАЛАДЕН ИБРАГИМОВ, Л. Н.ГУМИЛЁВ НОМЛИ ЕВРООСИЁ МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ ҲУҚУҚ ФАКУЛЬТЕТИ ДЕКАНИ, ПРОФЕССОР:

Россия империяси қонунчилиги кўп масалаларда қозоқ халқи урф-одат ва анъаналарига тўғри келмасди. Ушбу ҳужжат империя қонунлари ва Дашт қонунларини мувофиқлаштиргани шубҳасиз. Абай улар ўртасида мувозанат излаган. Сиёсий ва адлия ривожида мутафаккир ҳиссаси бебаҳо.

Ҳуқуқшунослар таъкидлашича, 1885 йилда Абай томонидан тузилган қонунлар жамланмаси бугунги кунда ҳам долзарб.

ГУЛДАНА ШАРАПАТОВА, САРИАРҚА ТУМАН СУДИ СУДЬЯСИ, ҲУҚУҚШУНОСЛИК ФАНЛАРИ НОМЗОДИ:

- Ҳозир сиртдан иш кўриш тартиби мавжуд. Масалан, жавобгар огоҳлантирилган бўлса-да, суд мажлисига келиб қатнашмаса, сиртдан ишни кўриб чиқиб, ҳукм чиқаришга ҳақлимиз. «Қарамўла ереже»да ҳам шундай меъёр бўлган.

Ҳужжатнинг асл нусхаси ўз вақтида, Семипалатинск губернатори буйруғига кўра, Қозон Император университети босмахонасида араб графикасида чоп этилган. Таъкидлаш жоиз, қонун лойиҳаси нусхасини ёзувчи ва жамоат арбоби Ғабит Мусрепов Қозоғистон Марказий давлат архивига топширган.

Фото: www.inform.kz