Bek Air самолёти ҳалокатида жабрланганларга товон тўланди

Bek Air самолёти ҳалокатида жабрланганларга товон тўланди

Bek Air авиакомпанияси самолётидаги фалокатдан жабрланган 52 фуқарога давлат томонидан товон тўланди. Бу ҳақда Фуқаро авиацияси қўмитаси раиси Талғат Ластаев  маълумот берди.

ТАЛҒАТ ЛАСТАЕВ, ФУҚАРО АВИАЦИЯСИ ҚЎМИТАСИ РАИСИ:

- Давлат томонидан 52 нафар жабрланган фуқарога тўланиши кўзда тутилган маблағ тўлиқ берилди. Уларга барча тўловлар ўтказиб берилди. Ҳозир суғурта тўловлари амалга ошириляпти.  Суғурта компанияларига келсак, бунда улар тақдим этиши зарур бўлган ҳужжатлар рўйхатига боғлиқ. У ерда қатор ҳужжатлар талаб қилинади. Бу ҳужжатлар берилганидан сўнг тегишли суғурта компанияси кўрсатилган маблағ миқдорини тўлиқ қоплайди. Бу масалани биз ўз назоратимизда тутиб турибмиз.

Bek Air парвозларни бошлайдими, у яна мамлакат авиаташувчилари сафига қайтадими, деган саволга Талғат Ластаев ижобий жавоб бермади. Бу масала ечими тегишли процедуралар бўйича қарор қабул қилингач, ойдинлашади.

ТАЛҒАТ ЛАСТАЕВ, ФУҚАРО АВИАЦИЯСИ ҚЎМИТАСИ РАИСИ:

- Бугунги кунда Bek Air компанияси тўлиқ текшируви амалда ниҳоясига етди. Ҳисобот тайёр бўлди. Белгиланган тартибга биноан компания вазиятни яхшилашга йўналтирилган иш режасини шакллантириш ҳуқуқига эга. Агар шу режа қониқарли, деб топилса, авиакомпанияга келгуси ярим йил ичида барча камчиликларни бартараф қилиш учун вақт берилади. Бу иш амалга оширилмаса – тегишлича, лицензияни қайтариб олиш жараёни давом эттирилади. Бу жараёнлар давом этаётган даврда компания фаолияти тўхтатиб қўйилади.

Фото: neonomad.kz