Ўрхун ёдгорликларига бағишланган китоб тақдимоти бўлиб ўтди

Қадимий турк руник ёзувлари. Уларнинг пайдо бўлиш тарихи ва минг йиллардан буён мавжуд тилсимлар. Нур-Султонда қозоғистонлик профессор Қаржаубой Сартқўжа илмий тадқиқотлари меваси бўлган «Ўрхун ёдгорликлари тўлиқ атласи» тақдимоти бўлиб ўтди. Уч томли нашр қадимий туркларга оид тарихий-маданий билимлар хазинаси, дейиш мумкин. Унга 2 минг йил мобайнида Турк цивилизацияси тараққиётига оид ҳали номаълум бўлган кўплаб фактлар киритилган. Муаллиф айтишича, тадқиқотлар бир асрдан буён давом этяпти. Аммо руник ёзувларнинг бундай тўлақонли таржимаси туркшунослик тарихида биринчи марта тақдим этилмоқда.

ҚАРЖАУБОЙ САРТҚЎЖА, ПРОФЕССОР, ФИЛОЛОГИЯ ФАНЛАРИ ДОКТОРИ, КИТОБ МУАЛЛИФИ:

- Рус туркшунослиги отаси Радлов ўз вақтида тўртта улкан ёдгорлик тўғрисида китоб чоп этган. Аммо уларда транскрипция бўлмаган, фақат суратлар туширилган. Бу ишни биринчи бўлиб амалга оширдик. Ушбу китобнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, унда ёдгорликлар ўрнатилган жой тўла тавсифланган. Шу вақтгача бирорта олим бундай қилмаган. 120 йил ўтгач, биз бунга муваффақ бўлдик.

Фото: e-history.kz