Қозоғистонда фойдали қазилма конлари очилади

Яқин келажакда Қозоғистонда фойдали қазилмалар, кам учрайдиган олтин, қўрғошин, рух моддаларнинг ўнлаб янги конлари иш бошлаши мумкин. Қозоғистон Республикаси Экология, геология ҳамда табиий ресурслар вазири Мағзум Мирзағалиев соҳа истиқболлари ҳақида гапирди. Ҳукумат Қозоғистонда 2021-2025 йилларгача мўлжалланган геологик разведкани ривожлантириш дастурини кўриб чиқди. Келгуси 5 йил давомида мамлакатда минерал-хомашё базасини ривожлантириш, унинг рақобатбардошлигини ошириш, барқарор шаклда тўлдириб борилишини таъминлаш кўзда тутилган. Бунинг учун масофадан туриб зондлар ёрдамида текшириш каби илғор илмий усуллардан фойдаланиш режалаштирилган. Дастлабки 10 конни ишга тушириш учун 6,3 триллион тенге кўламида сармоя келтирилади, деб кўзланяпти. Шуни ҳам айтиш керакки, бугунги кунда давлат рўйхатида 8 мингга яқин фойдали қазилмалар мавжуд жойлар кўрсатилган. 15 та чўкинди жинслар бассейнида эса 76 миллиард тонна атрофида нефт-газ захиралари мавжуд, деб ҳисобланяпти.

МАҒЗУМ МИРЗАҒАЛИЕВ,  ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЭКОЛОГИЯ, ГЕОЛОГИЯ ҲАМДА ТАБИИЙ РЕСУРСЛАР ВАЗИРИ:

- Мамлакатимизнинг геологик тадқиқ қилинган ҳудуди 25  фоиздан 37 фоизгача ортади. Катта фойда келтирадиган қазилма бойликлар тахминий захиралари аниқланиб, истиқболли 50 га яқин участка белгиланади. Чўкинди жинслар ҳавзалари геология ўрганилиши даражаси орттирилади: ўзлаштирилган ҳавзалар бўйича – 60 фоизгача; кам ўрганилганлари бўйича – 10 фоизгача. Фойдали қазилмалар борлиги тахмин қилинган жойлар кўпроқ аниқланиши таъминланади.

Фото: qazgeology.kz