Орол ҳудудида яна 17 минг гектарга саксовул ўтқазилади

Орол денгизининг қуриган тубига - яна 17 минг гектар майдонга қора саксовул кўчатлари ўтқазилади. Қозоғистон экологлари ўз олдига шундай мақсад қўйган. Кўзда тутилган ишни амалга ошириш учун зарур маблағни улар грант сифатида олишга умид қиляпти. Уни эса ўз навбатида ўрмончилик соҳасида ҳамкорлик бўйича Осиё ташкилоти тақдим этиши мумкин. Бу ҳамжамиятга Қозоғистон ҳам киради.

АСИЛХАН АСИЛБЕКОВ, ҚОЗОҒИСТОН БИОЛОГИК ТУРЛИ-ТУМАНЛИГИНИ САҚЛАБ ҚОЛИШ ЖАМҒАРМАСИ БОШҚАРУВИ РАҲБАРИ:

- Қозоғистон яна бир марта шу ташкилотга мурожаат этди. Улар кўчатлар ўтқазиш учун пул ажратади. Унинг иккита лойиҳаси бор, шундан Орол денгизига оид бўлганини қайта кўриб чиқиб, яна 2 миллион ажратиши мумкин.

Олимлар мавжуд бутазорларни кенгайтиришга ҳам эътибор қаратмоқчи. Ушбу мақсадда мамлакат илм даргоҳларида махсус инновацион технологиялар ишлаб чиқилди. Улар саксовул буталари ўсиш суръатини анча жадаллаштиради.

АСИЛХАН АСИЛБЕКОВ, ҚОЗОҒИСТОН БИОЛОГИК ТУРЛИ-ТУМАНЛИГИНИ САҚЛАБ ҚОЛИШ ЖАМҒАРМАСИ БОШҚАРУВИ РАҲБАРИ:

- Қозоғистонда ботаника институти, тупроқшунослик институти бор. Уларда ишлаб чиқилган болтушка технологияси туфайли саксовулнинг ҳам, бошқа дарахтларнинг ҳам ўсиш суръати бир ярим мартагача ошади. Кўчатлар яшаб кетиш эҳтимоли бир ярим марта ортади. Бу йўналишда тажрибалар давом этяпти.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Қозоғистондаги саксовул кўчатлари Шучинск Ўрмон илмий тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган тавсиялар асосида ўтқазиляпти.

Фото: mytabigat.kz