Трансчегаравий йўналишлар Марказий Осиёда туризм ривожига хизмат қилади

4 мамлакат – бир маҳсулот. Қозоғистон туризм соҳаси вакилларининг айтишича, Марказий Осиё давлатлари умумий туристик бренд – «Ипак йўли»ни ривожлантираркан, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда иш юритиш юзасидан янги лойиҳалар кўзлаяпти.

ТИМУР ДУЙСЕНҒАЛИЕВ, «KAZAKH TOURISM» МИЛЛИЙ КОМПАНИЯСИ БОШҚАРУВИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ:

Ипак йўлини қайта тиклашнинг асосий мақсади – шунчаки одамлар оқимини ташкил қилиш эмас, ҳам маънавий, ҳам моддий фойда олиш ҳамдир. Шунинг учун ҳам, масалан, хорижлик турист учун қизиқарли бўлишни истасак, унга ўзимизгагина хос жиҳатларни намойиш қила олишимиз зарур. Бошқача айтганда, бу ҳолат одамларнинг миллий ҳунарлар, ишлаб чиқаришлар, ошхона, урф-одатлар ва анъаналарни қайта тиклашларига туртки беради.

Келгуси йил май ойида йирик халқаро экспедиция йўлга чиқади. У Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг туристлар учун энг жозибадор ҳудудларини қамраб олади. 32 кун давомида трэвел-блогерлар, туроператорлар, географик ҳамжамиятлар аъзолари ва журналистлардан иборат экспертлар гуруҳи 4000 километрдан зиёд масофани босиб ўтади.

Минтақа туристик потенциалини тарғиб ва ташвиқ қилишдан иборат мақсадни кўзлаган йўналиш миллий парклар, қўриқхоналар, ЮНЕСКО маданий мерос рўйхатига киритилган объектлар орқали ўтади.

ТИМУР ДУЙСЕНҒАЛИЕВ, «KAZAKH TOURISM» МИЛЛИЙ КОМПАНИЯСИ БОШҚАРУВИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ:

Биз бугунгача мавжуд бўлган тажрибадан фойдаланишга қарор қилдик. Алматидан Шарқ томонга бўлган оммавий маршрут мавжуд, унда Олтин одам топилган жой, Чорин дараси, Кўлсой кўллари, Қарқара водийсига бориш мумкин. Бу – биринчи сегмент, иккинчи сегмент  - Қирғизистон ҳудуди. Иссиқ Кўл, Ўш ёдгорликлари, Қирғизистон тоғ кўллари. Кейин – Фарғона водийси, Ўзбекистон. Фарғонадан Помир тоғларига кўтариламиз, яъни Тожикистонга ўтамиз. Тожикистондаги Панж дарёси, Искандар кўл орқали Самарқандга чиқамиз, Самарқанддан Тошкентга қайтамиз. Иштирокчилар Тошкентдан учиб кетишади.

Аналитиклар таъкидлашларича, чегаралараро йўналишлар яратиш воситасида Ипак йўлининг қайта тикланиши минтақадаги барча мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий аҳволига ижобий таъсирини кўрсатади. Энг муҳими,  ҳамкорликда янги маҳсулотни яратиш ва илгари суриш билан бирга инфратузилмалар яратиш, кўрсатиладиган хизматлар сифатини кўтариш керак.

Шуни ҳам айтиш лозимки, ҳозир бу йўналишда маҳаллий ҳокимликлар билан фаол музокаралар олиб борилаяпти, бизнес-ҳамжамият билан фаол иш юритилаяпти.

Фото: advantour.com


×