Қозоғистонда ёшлар ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда

Қандай қилиб ўз бизнесини очиш ва самарали юритиш мумкин, мос келувчи бўш жойни қандай топса бўлади ва қандай йўл билан максимал даромад олиш имкони бор?

Булар барчаси ёшларга “Ёш тадбиркор” республика дастури доирасида ўргатилади. «Атамекен» тадбиркорлар миллий палатаси томонидан рўёбга чиқарилаётган нодир лойиҳа Ёшларга бағишланган жорий йилда иш бошлади. 18 ёшдан 29 ёшгача бўлган 20 минг нафар қозоғистонлик зарур бизнес кўникмаларни эгаллади, улардан беш минг нафари ўз ишини очишга муваффақ бўлди. 

АСЕТ САДВАҚАСОВ, «АТАМЕКЕН» ТАДБИРКОРЛАР МИЛЛИЙ ПАЛАТАСИ ОММАВИЙ ТАДБИРКОРЛИК ВА МИКРОМОЛИЯЛАШТИРИШ ДЕПАРТАМЕНТИ ДИРЕКТОРИ ЎРИНБОСАРИ:

- Бу ерда микробизнес кўзда тутилган, яъни унга асосан кечагина ишсиз бўлганлар, бугунги кунда ўз бизнесини очиш учун дастлабки қадамларини қўяётганлар жалб этилган. Амалиётда, яъни таълим даврининг ўзида у ёки бу бизнес ғоя текшириб кўрилади, бошқача айтганда, маркетинг тадқиқоти ўтказилади, умуман олганда, бозорни ўрганишга оид қатор ишларни иштирокчилар ўзлари бажаради. Улар турли бўш жойларни синовдан ўтказади, сўнг бизнес-лойиҳасини ишга туширади.

Шуни ҳам айтиш керакки, давлат томонидан ёшларга тақдим этилаётган юқоридаги каби бепул дастурлар тобора кўпайиб бормоқда. Ижтимоий ғоялар, лойиҳалар, шаҳару қишлоқларда яшаш шароитини яхшилаш, ривожлантиришга оид ташаббуслар эътибордан четда эмас. Республикада қозоғистонлик новаторлар аҳоли манзилларини ривожлантиришга ҳисса қўшиши учун имкон яратувчи қатор лойиҳалар ишлаб турибди. «Жаса» лойиҳаси – шулардан бири.

АРСЕН КАМБАЛОВ, «ЁШ ХИЗМАТЧИЛАР ҲАМЖАМИЯТИ»  ЖАМОАТ БИРЛАШМАСИ «JASA»  ДАСТУРИ ДАСТУРИЙ МЕНЕДЖЕРИ:

- «Жаса» деб аталган лойиҳамиз 14 ёшдан 28 ёшгача бўлган ёшларга мўлжалланган, бизни қувонтирган ҳол – қишлоқлар, кичик шаҳарлар болалари фаоллик кўрсатди, 104 та лойиҳа бугунги кунда рўёбга чиқариш даражасига чиқди.

Бунда турли-туман шаклдаги лойиҳалар амалга ошириляпти. Улар орасида имконияти чекланган болалар учун спорт майдончалари яратиш, одатдагидан фарқли ўриндиқ ва ёритгичлар ўрнатиш кабилар бор. Энг муҳими, улар жамиятга амалий фойда келтириши лозим, дейди мутахассислар. Умуман олганда, жорий йилда ёш хизматчилар ҳамжамияти томонидан 5 та лойиҳа рўёбга чиқарилди. Шулардан бири – “Ёшлар ишлари Академияси”. 

БЕЙСЕНАЛИ  ҚАРАБАЕВ, «ЁШ ХИЗМАТЧИЛАР ҲАМЖАМИЯТИ»  ЖАМОАТ БИРЛАШМАСИ «ЁШЛАР ИШЛАРИ АКАДЕМИЯСИ»  ДАСТУРИ ДАСТУРИЙ МЕНЕДЖЕРИ:

- Ёшлар ишлари Академияси... Биз Атирау вилояти ёшлар сиёсати масалалари бошқармаси билан бирга «Ёшлар ишлари Академияси» лойиҳасини рўёбга чиқаряпмиз. Бу лойиҳа доирасида тўртта тренинг ва конференция ўтказилади. Барча тренинглар ўтказилди. Биринчи навбатда, айнан ёшлар билан ишловчи ходимларни атрофимизда жамлашга интиламиз. Таъкидлаш жоизки, бундай лойиҳа аввал бирор жойда татбиқ этилмаган.

Қозоғистонда Ёшлар йили муносабати билан ишга туширилган лойиҳалар, албатта, меҳнат бозорида ёшлар рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Ва, айни вақтда, мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланишига ёрдам беради, дейди ишонч билан экспертлар.

Фото: kstnews.kz