“Kazakh TV” телеканали энди Арманистонда ҳам кўрсатади

“Kazakh TV” телеканали энди Арманистонда ҳам кўрсатади

Қозоғистонда ишлаб чиқарилган ҳужжатли фильм ва бадиий сериаллар бошқа давлатлар телеканалларида намойиш қилинади. Жаҳоннинг энг йирик теле ва киномаҳсулотлар бозори бўлган MIPCOMда бу борада шартномалар тузилди. “Хабар” Агентлиги бу тадбирда учинчи марта маҳсулотини тақдим этяпти.

ЕРЛАН БЕКХЎЖИН, «ХАБАР» АГЕНТЛИГИ БОШҚАРУВИ РАИСИ:

- Сафаримиз фойдали бўлди, деб ҳисоблайман. Унда Қозоғистон каналлари мавжуд бўлиши жуда муҳим. Балки келажакда ягона стенд яратишимиз лозимдир. Кўпчилик «Қозоғистон» ва «Хабар» агентлиги деган ёзувларга эътибор қаратиб, контентимиз билан қизиқди, кириб кўрди.

Халқаро кўргазма бўлиб ўтган 4 кун давомида «Хабар» агентлиги  ўнлаб учрашувлар ўтказди. Натижаларга кўра контент сотиб олиш ва сотишга оид қатор шартномалар тузилди, ҳамкорлик лойиҳалари яратиш тўғрисида келишиб олинди.

ГИЙОМ РОЙ, ПРОДЮСЕР:

- Мен Астанада бўлиб ўтган Умумжаҳон кўргазмасида француз павильонида ишлаётганимда ўзим учун Қозоғистонни кашф қилгандим. Пойтахтингиз, маданий бойлигингиз, юртингиз кенгликларини ўргандим ва унга такрор келиш нияти туғилди. Ва бу сафаримни Қозоғистон ва Хитойдан бўлган ҳамкорлар билан бирга, Буюк Ипак йўли тўғрисида француз телеканаллари учун янги лойиҳани рўёбга чиқариш доирасида амалга оширишни истайман. 

Лойиҳа муаллифлари “Янги ипак йўли” кўрсатувини Европадаги маданиятга бағишланган энг оммавий ARTE телеканалида намойиш қилиш ниятида. Бошқа ҳамкорлар билан биргаликда «Хабар» «Қазақ ТВ» канали томошабинлари доирасини кенгайтириш ниятида. Телеканал  тез орада Арманистонга ҳам кўрсатувлар узата бошлайди. Шунингдек, Қозоғистон телемаҳсулотлари келгусида Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари, Покистон, Италияга ҳам юборилиши кутилмоқда. Айни вақтда, «Хабар» агентлиги ўз каналларида хорижнинг энг қизиқарли янги премьераларини тақдим этади, унинг телеканаллари жаҳоннинг янги брендлари билан бирга ишлайди.

Фото: Хабар 24