Нур-Султонда UNWTO VIII Глобал саммити бўлиб ўтмоқда

Нур-Султон шаҳри  тадбиркорлик марказига айланмоқда, тобора кўпроқ туристларни ўзига жалб этмоқда. Келгусида пойтахт жаҳоннинг энг рақобатбардош ва жозибадор туристик йўналишларидан бирига айланишга интиляпти. ЮНВТО саккизинчи глобал саммитида шу ҳақда сўз борди. Форум иштирокчилари Қозоғистоннинг бош шаҳри катта суръат билан ривожланиб бораётганини таъкидлашди. 21 йил ичида шаҳар ҳудуди икки марта ўсди, аҳоли сони эса 280 минг нафардан бир миллиондан зиёдгача кўпайди. Нур-Султоннинг туристик жозибадорлигини ошириш мақсадида смарт-технологияларни янада ривожлантиришда давом этиш, логистикани яхшилаш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш кўзланган.

ХЕЛЕНА МАХУАС,  «ASTANA CONVENTION BUREAU» ДИРЕКТОРИ ЎРИНБОСАРИ:

- Биз мазкур саммитни ўз салоҳиятимизни намойиш қилиш учун ажойиб имконият, деб ҳисоблаяпмиз. Чунки саммитга 300-400 нафар хорижлик иштирокчи келган. Уларнинг кўпчилиги Қозоғистонга биринчи марта ташриф буюрган. Демак, бу анжуман биз учун шунчаки ақлли шаҳар ва  дестинациялар ҳақидаги мунозарагина эмас. Биз учун мазкур тадбир туризмни ривожлантириш ва тажриба, билим алмашиш, шунингдек, шаҳар имкониятларини кўрсатиб бера олишда ҳам муҳим.

2019-2025 йилларга мўлжалланган туризмни ривожлантириш дастурига мувофиқ Қозоғистон бу соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини ошириш ва уни иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи кучлардан бирига айлантириш ниятида. Бунинг учун хусусий инвестициялар фаол жалб этилади ва потенциал ошириб борилади.

КРЭЙГ СМИТ, “DHAHRAN TECHNO VALLEYБОШ ДИРЕКТОРИ: /САУДИЯ АРАБИСТОНИ/:

- Туризмдаги энг жўшқин трендлардан бирисаргузаштлар туризми. Бундан мақсад энг юқори чўққиларга чиқиш ёки энг серсув дарёда сузиш эмас. Унга кўра чиройли жойларни томоша қилиш муҳим. Қаерда бўлса ҳам турли ёшлардаги одамлар албатта табиат гўзалликларини томоша қилишни, мусаффо ҳаводан баҳраманд бўлишни истайди. Бу борада Қозоғистонда катта имконият бор. Шунингдек, мамлакатингизда мавжуд яна бир устунлик – сиз  азалий маданиятингизни сақлаб қолгансиз. Мисол учун, Хитойдаги Пекин ёки Шанхай каби йирик шаҳарларда глобаллашув туфайли маданият ришталари узилиб боряпти.

Жорий йилда Нур-Султонда Туризм ва меҳмондўстлик институти очилиши режалаштирилган. Халқаро ҳамкорлар билан биргаликда иш юритувчи таълим даргоҳи бу йўналишда мутахассислар етиштириш билан шуғулланади. Натижада, кўп сонли туристларни жалб қилиш имконияти туғилади, дейди ишонч билан шаҳар ҳокимлиги вакиллари.

Фото: inbusiness.kz