150 минг нафар қозоғистонлик чет элда олий таълим оляпти

Инсоний капитал – мамлакат муваффақиятли ривожланишининг бош фактори. Бугунги кунда Қозоғистон бу йўналишдаги захираларини жадаллик билан ошириб боряпти. Экспертлар айтишича, республикамиз мактаб битирувчилари учун 200 тача Европа университетлари грант ажратмоқда. Ҳамюртларимизнинг 20 минг нафарида хорижий мамлакатларда бепул ўқиш имкони мавжуд. Шу кунларда 150 минг нафар қозоғистонлик чет элда олий таълим оляпти. 2025 йилга бориб бундай талабалар сони 400 минг нафарга етиши кутилаётир.

АЛМАС САТИЛҒАНОВ, BOLASHAQ DEVELOPMENT FUND РАҲБАРИ:

- Бугунги кунда глобаллашув жараёни давом этяпти. Биз давлатимиз чегаралари билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Шунинг учун таълим олаётган ёшлар магистратурани хорижда, илғор давлатларда ўташга интилмоқда, халқаро  тажрибани ўзлаштиришга интилмоқда, биз эса улар мақсадга етиши учун ёрдам беряпмиз.

НАТАЛЬЯ КУДЕЛЯ, FHWS ШАРҚИЙ ЕВРОПА БЎЙИЧА МЕНЕДЖЕРИ:

- Назарбоев заковат мактаблари битирувчилари яхши тайёргарлик кўрган, улар инглиз тилини юксак даражада ўзлаштирган. Мақсадларига эришиш учун жиддий ҳаракат қилади. Физика ва математикани ҳам яхши билади. Шунинг учун улар биз учун идеал номзодлар, дейиш мумкин. Жорий йилда Қозоғистондан бизга жуда кўп номзод мурожаат этди, 30 нафарга яқини таълим ола бошлади, яна анчаси виза кутяпти. Бизда жами 150 нафар хорижлик таълим олишини ҳисобга олсак, бу - жуда катта улуш.

Фото: vecher.kz