Қозоғистон ўқувчи ва ўқитувчилари Хитой таълим тизими ҳамда маданияти билан танишди

Қозоғистон ўқувчи ва ўқитувчилари Хитой таълим тизими ҳамда маданияти билан танишди. Жорий йил ёзида улар Чэнду шаҳрига йўл олди ва ундаги етакчи халқаро мактаблардан бирига ташриф буюрди. Шуни айтиш керакки, бугунги кунда бу даргоҳда 8 минг нафардан зиёд бола таълим олади. Улар мажмуавий таълим олиши, қулай шароитда яшаши учун барча шарт-шароит яратилган.

ХУАНГ БO, «TANG WAI» МАКТАБИ ДИРЕКТОРИ:

- Мактабимизда кўплаб фанлар ўқитилади. Тушгача болалар асосий дастурга мувофиқ шуғулланади. Тушдан кейин қўшимча машғулотлар ўтилади. Бу таълим даргоҳининг ўзига хос жиҳатларидан бири – унда 400 дан ортиқ фан билан шуғулланиш имкони мавжуд. Масалан, асосий мусиқа дарсидан ташқари замонавий чолғу асбобларини ўзлаштириш мумкин. Шунингдек, қадимий Хитой санъати деган фан бор. Бошқача айтганда, ўқувчиларимиз учун танлов имконияти жуда кенг.

Инглиз тили – мажбурий ўқитиладиган дарс. Болалар бундан ташқари француз, немис, япон, араб ва рус тилларини ҳам ўрганади. Таъкидлаш жоизки, ушбу таълим даргоҳи хорижнинг етакчи олий ўқув юртлари билан яқин ҳамкорликда ишлайди. Мактаб раҳбарияти Қозоғистон билан ҳам ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ниятида.

ХУАНГ БO, «TANG WAI» МАКТАБИ ДИРЕКТОР:

- Биз қозоғистонлик ўқувчи ва ўқитувчилар билан учрашганимиздан мамнунмиз. Мамлакатингиз ўқувчилари илк марта бу ерга ташриф буюрди. Биз буни жуда қадрлаймиз. Умид қиламанки, келгусида ҳамкорлигимиз чуқурлашиб боради.

Шуни ҳам айтиш керакки, Хитойда таълим муваффақият калити ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Осмоности юрт ўқувчилари дарсларни ўзлаштиришда тиришқоқ.

ҚАРЛИҒАШ ЖАНҒАЗАҚОВА, НУР-СУЛТОН ШАҲРИДАГИ 26-МАКТАБ-ГИМНАЗИЯ ДИРЕКТОРИ:

 - Тажриба алмашиш – билимларни тўлдириш учун ажойиб имконият. Назария ва амалиётни бирлаштириш эса бебаҳо тажриба беради. Ўқувчиларимиз икки йилдан буён хитой тилини ўрганади, бу ерда улар анъанавий хитой ёзувлари билан танишиш имконига эга бўлди. Бундан ташқари, бу ерга келган ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб топади, келажагини ушбу юрт билан боғлаш тўғрисидаги масалада бир тўхтамга келади.

Эслатамиз, Ёшлар йили доирасида Хитой Халқ Республикаси элчихонаси қозоғистонлик ўқувчилар учун Осмоности мамлакатига махсус тур ташкил қилган. Ҳафта давомида улар тил ўрганиш билан бирга мамлакат маданияти, тарихи ва диққатга сазовор жойлари билан танишди.

Фото: zagran.guru