«Муқаддас Қозоғистон» энциклопедиясининг учинчи томи нашрдан чиқади

Жорий йилда «Муқаддас Қозоғистон» энциклопедиясининг учинчи томи қозоғистонликларга тақдим этилиши режалаштирилган. Янги тўпламга Қўстанай, Қизил Ўрда, Қарағанди ва Жамбил вилоятларидаги қадимий ёдгорликлар киритилиши режалаштирилган. «Қозоғистон муқаддас географияси» халқаро илмий-амалий конференциясида шу ҳақда батафсил маълумот берилди. Учрашув иштирокчилари айтишича, келгусида яна иккита том нашр этилиши мўлжалланган.

БАТИРХАН ЖУМАБАЕВ, «МУҚАДДАС ҚОЗОҒИСТОН» ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ МАРКАЗИ РАҲБАРИ:

- Аввал харитага Қозоғистоннинг 100 та муқаддас маскани киритилган, бугунги кунда улар сони 206 тага етди. Маҳаллий экспертлар, олимлар ва эксперт кенгаши илмий тадқиқотлари натижасига мувофиқ харита янгиланди.

Мамлакат маданияти тарихи бошқа илмий лойиҳалар доирасида ҳам кенгайтириб борилади. Келгуси йил Қозоғистон тадқиқотчилари Туркистон вилояти бўйлаб саёҳатга чиқади. Ал-Форобий юртида улар файласуф ҳаёти-фаолияти хусусида янги фактларни ўрганиш ниятида. Бу ишларда хорижлик мутахассислар ҳам иштирок этишга тайёр. Таъкидлаш жоизки, 2020 йилда ЮНЕСКО қарорига кўра буюк туркий мутафаккир ал-Форобийнинг 1150 йиллиги нишонланади.

АБДУЛЛА КАРЧАҒ, PHD ДОКТОРИ, ПРОФЕССОР /ТУРКИЯ/:

- Туркийзабон мамлакатларнинг ягона тарихи, умумий илдизлари бор. Биз Марказий Осиё, Қозоғистон ва Қирғизистон бўйлаб биргаликда илмий тадқиқотлар юритамиз. Яқинда Туркистон вилоятида лойиҳамизни рўёбга чиқармоқчимиз. Муқаддас жойларнинг аэрокосмик суратларини олиш, тарихий ёдгорликларни таҳлил этиш ва янги фактларни аниқлаш ниятидамиз.

«Қозоғистон муқаддас географияси» лойиҳаси доирасида 50 дан ортиқ  археологик тадқиқот ўтказилди ва 25 та тарихий ёдгорлик тикланди. Олимлар  айтишича, муқаддас қадамжоларни топиш учун илмий экспедициялар ўтказиш амалиёти давом этади.

Фото: apgazeta.kz