Қозоғистонлик ўқувчилар Шаолинь монастирида бўлди

Қозоғистонлик ўқувчилар Шаолинь монастирида бўлди

Шаолинь – Хитой марказида, Суншань тоғи ёнбағрида жойлашган таниқли монастир. Ушбу иншоот 495 йилда, император Сяо Вэнь-Ди ёрдамида қурила бошланган. Маданият билан танишиш учун Хитойга борган Қозоғистон ўқувчилари туристлар учун ҳам қизиқарли, ҳам машҳур маконга айланган монастирга сафар қилди. Улар болаликдан фақат Хитой-Гонконг бадиий фильмлари орқали билган Шаолин манзараларидан катта таассурот олганини айтади.

ДАРИЯ НУРТАЕВА, ЎҚУВЧИ:

- Биз бу ерда кўплаб янги нарсалар кўрдик, ўргандик. Масалан, мен шу кунгача Будда дини ҳақида ҳеч нарса билмасдим. Шаолинь монастири менга жуда ёқди. Бу саёҳатимиз қизиқарли кечди. Бизга тарихий, юз берган воқеалар ҳақидаги ҳикоялар жуда ёқди. Айниқса, бу ердаги ҳайкаллар, монахлар, монастир ҳаёти жуда қизиқарли. Ҳар бири ёдимизда қолди, деб айта оламан. Чунки бу нарсалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Биз учун гўёки янги бир машъал нур соча бошлади.

Ўқувчилар монастирдаги муҳит, Будда ҳақидаги ҳикоялар таъсирида турли ўлкалардан келган туристлар каби чироқ ёқиб, тилак билдиришди. Улар айтишича, бундай саёҳатлар ҳар бирининг дунёқарашини кенгайтиради, дунё халқларини янада яхшироқ танишларига ёрдам беради.

ДИЛНАЗ ТЎҚИБАЕВА, 10-СИНФ ЎҚУВЧИСИ:

- Менинг Хитой ҳақидаги тасаввур-фикрларим анча ўзгарди. У хаёлимдагидан анча гўзал, маданий, тарихи қизиқарли мамлакат эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Бу саёҳат туфайли Осмоности мамлакати янги қирраларини ўргандим. Натижада, нафақат янги билим орттирдим, балки дунёқарашим ҳам кенгайди, деб айта оламан. Бу элнинг менталитети, маданияти ҳамда урф-одатлари билан яқиндан танишдим.

Қозоғистон ўқувчилари Шаолинь монастири билан яқиндан танишгач, болалар учун очилган шаолинь маданияти ва жанговар санъатини ўргатувчи мактабга борди. Олишув саҳнаси болаларда катта таассурот қолдирди. Шуни ҳам айтиш керакки, Қозоғистондаги Хитой элчихонаси Ёшлар йили муносабати билан хитой тилини ўрганаётган мактаб ўқувчилари учун махсус маданий-маърифий саёҳат ташкил қилган. Бир ҳафталик тадбир давомида ўқувчилар Осмоности мамлакатининг 4 та шаҳрини томоша қилишга муваффақ бўлди.

Фото: fishki.net