Қосим-Жўмарт Тўқаев: Қозоқ тили халқаро мулоқот тилига айланиши керак

Қосим-Жўмарт Тўқаев: Қозоқ тили халқаро мулоқот тилига айланиши керак

Қозоқ тили халқаро мулоқот тилига айланиши керак. Бу ҳақда мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўз мурожаатида айтиб ўтди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, тил жамиятни бирлаштирувчи куч ва жамиятда қозоқ тили аҳамиятини кучайтириш лозим. Мамлакатимиз тилшунослари бу фикрга тўлиқ қўшилади. Филолог олим Ерден Қажибек таъкидлашича, агар республика фуқаролари ўзаро қозоқ тилида мулоқот қилса, у ҳаётнинг барча жабҳаларига жорий этилса, тил мавқеи халқаро даражага кўтарилиши мумкин.

ЕРДЕН ҚАЖИБЕК, А.БАЙТУРСИНОВ НОМИДАГИ ТИЛШУНОСЛИК ИНСТИТУТИ ДИРЕКТОРИ:

Биз ҳозир шундай тушунчага эга бўлдикки, миллат, бу – давлат дегани. Ва Қозоғистонда ҳам бу битта давлат, битта қозоқ халқи ва битта миллат. Шунинг учун “миллатлараро” тушунчасини давлатлараро, халқаро, деб талқин қилиш керак. Яъни қозоқ тилини халқаро тил даражасига кўтаришимиз керак. Қолаверса, қозоқ тили кўп асрлар давомида халқаро мулоқот тили бўлиб келган. Бу Олтин Ўрда, Дашти Қипчоқ даврларидаги тарихий босқичларга тўғри келади. Бундай тажриба бизда мавжуд. Қозоқ тилининг ривожланиш салоҳияти жуда юқори, бунга ишончим комил, у халқаро илм-фан, ишлаб чиқариш, инновациялар, иқтисодиёт ва маданият тилига айланиши зарур.

Қозоқ тилига нафақат қозоқлар, балки бошқа миллат вакиллари ҳам қизиқиш билдирмоқда. Ўқитувчи Олег Свет шулар жумласидан. У умрининг катта қисмини махсус адабиётларни ўрганиш, ўқувчиларда давлат тилига нисбатан муҳаббат уйғотиш, уларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашга бағишлади. Ақтўбелик мураббий фикрича, бу йўналишдаги ишни ҳар бир қозоғистонлик давом эттириши керак.

ОЛЕГ СВЕТ, ҚОЗОҚ ТИЛИ ВА АДАБИЁТИ ФАНИ ЎҚИТУВЧИСИ:

Мен ҳар бир қозоқда, биринчи навбатда, ўз Ватани, қозоқ тили, маданиятига муҳаббат бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Давлат тили миллатлараро мулоқот тили бўлишга муносиб. Бундай даражага фақат биргаликдаги саъй-ҳаракат натижасида эришиш мумкин, бунга ҳар бир қозоғистонлик ҳисса қўшиши керак.