Саксовулларни кесишга қўйилган тақиқ муддати яна 5 йилга узайтирилди

Саксовул кесишни тақиқлаш натижасида ўсимлик сони сезиларли равишда ўсди ва Қизил Ўрда вилоятидаги сувсизликдан қақраб ётган ерларнинг бир қисми мелиоратив ҳолати ҳам яхшиланди. Эслатиб ўтамиз, саксовул кесишга қўйилган тақиқ 2015 йилдан кучга кирган. Бугун минтақада 7 миллион гектар давлат ўрмон фонди мавжуд. Уларнинг 3 миллион гектарида саксовул ўсади. Тақиқ қўйилгандан бери саксовуллар нафақат ўрмон фондида, балки хусусий ерлар ва қишлоқ округлари ҳудудларида ҳам кўпайди. Экспертлар ва маҳаллий аҳоли фикрича, саксовул кесишга қўйилган тақиқ муддати яна беш йилга узайтирилгани айни муддао бўлди.

ЖАНДЎС АЛИЕВ, “ШИЕЛИ ЎРМОНЛАР ВА ҲАЙВОНОТ ОЛАМИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ МУАССАСАСИ” ДАВЛАТ БОШҚАРМАСИ ДИРЕКТОРИ:

-  Саксовул табиатга келтирадиган экологик фойда жуда катта. Бир туп саксовул 10 квадрат метрдаги қумни ушлаб қолиши илмий жиҳатдан асослаб берилган. Шиели туманида биз ҳар йили тўққиз юз гектарга саксовул уруғи, уч юз гектар майдонга эса кўчатини экамиз. Деярли ярми кўкариб, тутиб кетади. Бу катта кўрсаткич. Бундан ташқари, таъкидлаш жоиз, кейинги йилларда туманда табиий йўл билан ўсаётган саксовулзорлар майдони ҳам кескин кўпайиб бормоқда.

Фото: turkystan.kz